Енгил автомобиллар савдоси ўтган йилларга нисбатан энг паст даражага тушди

Енгил автомобиллар савдоси ўтган йилларга нисбатан энг паст даражага тушди

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг маълум қилишича, июнь ойи якунига кўра, Ўзбекистон автомобиль бозорида сотувлар пасайди.

Ўтган ойда мамлакат бўйлаб жами автомобиль савдоси 13,6 фоизга камайиб, қарийб 87 мингтага етди. Йиллик ҳисобда (2023 йил июнига қараганда) фаоллик 1,4 баробар қисқарди.

Марказнинг фикрича, бу динамика қисман мавсумий омилларга боғлиқ бўлиши мумкин, чунки ёзги мавсум анъанавий равишда ишбилармонлик фаоллигининг пастлиги билан характерланади.

Йилнинг дастлабки уч ойида енгил автомобиллар савдоси кескин пасайган бўлса, май ойида 14 фоизга ўсган. Бироқ июнь ойида сотувлар ҳажми яна 13,3 фоизга – 77,6 минг донагача қисқарди, бу 2021 йининг декабридан бери минимал кўрсаткичдир (ўшанда сотувлар 60 минг донадан камроққа тушганди). Йил давомида енгил автомобиллар бозори ҳам 1,4 баробар қисқарди.

Ҳудудлар кесимида энг катта пасайиш Сурхондарё ва Андижон вилоятларида, шунингдек, Қорақалпоғистонда кузатилди – ўртача 22 фоиз. Олти ойда ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ижобий динамика Хоразм ва Навоий вилоятларида кузатилди – ўртача 7 фоизга.

Биринчи ярим йил якунига кўра, Ўзбекистонда енгил автомобиллар савдоси 580 минг донани ташкил этди, бу эса ўтган йилнинг шу давридаги кўрсаткичга нисбатан 19 фоизга паст. Бу нафақат олдин эксплуатацияда бўлган автомобилларга талабнинг пасайиши билан, балки автомобилларни рўйхатдан ўтказиш жараёнларининг мураккаблашиши ҳамда расмийлаштириш ва қайта рўйхатдан ўтказиш қийматининг ошиши билан ҳам изоҳланади.

Савдолар умумий пасайишининг 97,3 фоизи фойдаланилган автомобилларда кузатилди. Талабларнинг қаттиқлашиши ва рўйхатдан ўтказиш тартибларининг қимматлашиши олди-сотди битимлари сонининг қисқаришига таъсир қилди. Бу эса ўз навбатида, автомобиль бозорида умумий савдо кўрсаткичларига акс таъсир қилган бўлиши мумкин.

Июнь ойида янги енгил автомобиллар сотуви май ойига нисбатан 9 фоизга камайиб, 26 минг донадан ошди. Йил давомида ушбу сегментдаги фаоллик атиги 5,3 фоизга камайди.

Шундай қилиб, янги енгил автомобилларнинг бирламчи бозори иккиламчи бозорга нисбатан анча барқарор динамикани кўрсатмоқда.

Июнь ойида маҳаллий ишлаб чиқарилган янги автомобилларни сотиш суръати пасайишда давом этди. Ўзбекистонликлар маҳаллий автомобилларни май ойига нисбатан 10 фоизга камроқ харид қилди.

Йиллик кўрсаткичларда фаолликнинг бироз пасайиши кузатилмоқда – 0,8 фоизга.

Ўзбекистон бозорида хорижий енгил автомобиллар бозори турғунлик белгиларини намоён этмоқда. Июнь ойида ушбу сегментдаги сотувлар атиги 0,4 фоизга ўсди ва 2,4 минг дона атрофидани ташкил этди. Фаолликнинг нисбатан кичик ўсиши йиллик ҳисобда сотувларнинг сезиларли пасайишини қопламайди. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан қарийб 34 фоизни ташкил этди.

Июнда енгил электромобиллар сегменти сотувларнинг пасайишини намоён этди. Сотувлар ҳажми 3 минг донага етди, бу эса май ойидагига нисбатан 800 дан ортиққа камдир (-27 фоиз). Шунга қарамасдан, электромобиллар савдоси ўтган йилнинг июнь ойи даражасига нисбатан 1,3 бараварга ошди.

Агар Ўзбекистонда электромобиллар бирламчи бозорида сотувлар бир ой ичида сезиларли даражада – 28 фоизга қисқарган бўлса, иккиламчи бозорда бунинг акс тенденцияси кузатилмоқда. Бу сегментда март ойидан буён фаолликнинг ўсиши қайд этилмоқда. Июнь ойида бу кўрсаткич 2,4 фоизни ташкил этди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!