Дунёнинг энг сердаромад аёл спортчилари маълум қилинди
Forbes нашри дунёнинг энг сердаромад аёл спортчиларининг янги рейтингини эълон қилди. Рейтингдан асосан теннисчилар ўрин олган. 1-ўринни 22 ёшли япон теннисчиси Наоми Осака эгаллаган.
Рейтингда 2019 йил 1 июндан 2020 йил 1 июнгача бўлган давр ҳисобга олинган.
Рейтинг етакчиси Наоми Осака бир йил ичида 37,4 млн доллар ишлаб топган: спортчи бу қийматдан 3,4 млн долларини бевосита мусобақалардаги иштирокидан, қолган 34 млн долларни эса реклама шартномаларидан олган. У айни вақтда Аёл теннисчилар ассоциацияси (WTA) рейтингида 10-ўринни эгалламоқда. Унинг ҳисобида WTA’нинг 5 та унвони бор. Осака, жумладан, 2019 йилги Австралия очиқ чемпионати ва 2018 йилги АҚШ очиқ чемпионати ғолибаси ҳисобланади.
Америкалик теннисчи Серена Уильямс 2-ўринни эгаллаган. У бир йил ичида 36 млн доллар ишлаб топган. Етакчи учликка теннис спортининг яна бир вакиласи – австралиялик Эшли Барти 13,1 млн долларлик даромад билан кирган.
Умуман олганда, етакчи ўнталик қуйидагича кўриниш олган:
1.Наоми Осака — 37,4 млн доллар (Япония, теннис);
2. Серена Уильямс — 36 млн доллар (АҚШ, теннис);
3. Эшли Барти — 13,1 млн доллар (Австралия, теннис);
4. Симона Халеп — 10,9 млн доллар (Руминия, теннис);
5. Бьянка Андрееску — 8,9 млн доллар (Канада, теннис);
6. Гарбинье Мугуруса — 6,6 млн доллар (Испания, теннис);
7. Элина Свитолина — 6,4 млн доллар (Украина, теннис);
8. София Кенин — 5,8 млн (АҚШ, теннис);
9. Анжелика Кербер — 5,3 млн доллар (Германия, теннис);
10. Алекс Морган — 4,6 млн доллар (АҚШ, футбол).
Июнда Forbes швейцариялик теннисчи Рожер Федерерни дунёнинг энг сердаромад эркак спортчи деб эътироф этганди. Афсонавий теннисчи бир йил ичида 106,3 млн доллар ишлаб топган.