Дўконларда сотилган сифатсиз нон учун ким жавобгар бўлади?

Нон инсон учун муҳим озуқа маҳсулотларидан бири, овқатланиш рационининг асосидир.
Бугун дўкон пештоқларида турфа хил нонларни учратиш мумкин. Ишлаб чиқарувчилар қолип, ўчоқ, буғдойли, жавдарли, хамиртурушсиз, нордон, шўр ва бошқа кўплаб турдаги нонларни таклиф қилади. Умуман олганда нон маҳсулотининг исталган турига талаб юқори.
Мутахассислар фикрича, ноннинг ранги, таъми, ҳидига қараб, унинг сифатини аниқлаш мумкин. Нон сифатининг асосий кўрсаткичлари қаторига намлик, ғоваклик, кислоталилик ҳам киради. Умуман, маҳсулотнинг сифати биринчи навбатда масаллиққа боғлиқ.
Хўш, нон ва нон маҳсулотларини сотишнинг қандай талаблари мавжуд?
Мазкур савол юзасидан Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ахборот хизмати масъул вакили Умида Мансурова қуйидагиларни маълум қилди.
Қайд этилишича, нон ва нон маҳсулотларини сотишнинг белгиланган талаблари мавжуд. Жумладан, ихтисослаштирилган нон дўконининг савдо залида ёки нон маҳсулоти савдосини амалга оширувчи бўлимда кўринарли жойга маҳсулотнинг тайёрловчилари, олиб келиш жадваллари, нон маҳсулотларини сотиш муддатлари, парҳезбоп нон маҳсулотлари ва янги турдаги маҳсулотларнинг хусусиятлари тўғрисидаги маълумотлар бўлиши лозим.
Етказиб берувчининг илова ҳужжатида ушбу товарлар тўғрисида “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 5 ва 6-моддаларида назарда тутилган тўлиқ маълумотлар бўлиши лозим. Нон ва нон-булка маҳсулотлари савдосини амалга оширувчи савдо корхоналарида белгиланган иш соатларида ассортимент рўйхатида назарда тутилган ассортиментдаги нон ва нон-булка маҳсулотлари бўлиши керак.
Амалдаги техник регламентлар ёки стандартлар талабларига мувофиқ бўлмаган, шунингдек нотўғри сақлаш туфайли бузилганлик белгилари бўлган нон, нон-булка маҳсулотларини сотиш тақиқланади. Нон маҳсулоти савдо объектларида нотўғри сақлангани туфайли бузилган тақдирда бунинг учун савдо объектлари жавоб беради.
Мавжуд қонунчиликка асосан, сифатсиз нон ёки нон маҳсулотлари сотилган тақдирда сотувчи ходимлар харидор талаби асосида сотувчи уни алмаштириб бериши ёки пулини қайтариб бериши керак. Харидорлар томонидан қайтариб берилган нон ва нон-булка маҳсулотлари санитария жиҳатидан яроқсиз ҳисобланади. Зарарланган маҳсулотлар сотувдан олиниб, амалдаги қоидаларга асосан йўқ қилинади ва далолатнома тузилади.
Истеъмолчи сифатсиз нон сотиб олганда 24 соат ичида уни сифатлисига, албатта назорат касса чеки билан алмаштириб олиш ҳуқуқига эга.