Дилшод Эшнаев нега президентнинг диний соҳадаги ислоҳотлари эътироф этилган мақолаларни олдириб ташламоқчи бўлди?

Дилшод Эшнаев нега президентнинг диний соҳадаги ислоҳотлари эътироф этилган мақолаларни олдириб ташламоқчи бўлди?

Куни кеча ижтимоий тармоқларда Azon.uz сайти бош муҳаррири Абдулазиз Муборак сайт фаолиятига бўлаётган босимлар ортидан ишдан кетишини эълон қилди. Сайтга босим қилаётган ташкилот номини эшитиб ҳайрон қолмаса ҳам бўлади, лекин ташкилот масъул ходими сайтдан олдириб ташлашни талаб қилаётган мақолалар одамни ҳайрон қолдиради.

Мақолаларнинг бирида Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги маҳаллалардан бирини қорилар маҳалласи сифатида ихтисослаштириш ҳақида гапирган бўлса, яна бирида 2016 йилда Шавкат Мирзиёев ҳукуматга келгач диний соҳада тикланган ҳуқуқ ва эркинликлар ёритилган.

Қизиқ эмасми, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари президент Шавкат Мирзиёевнинг хайрли таклифлари ёритилишини ва қилган ишлари эътироф қилинишини хоҳламаётган бўладими, шунда? Наҳотки, Дилшод Эшнаев бугунги бўлаётган ўзгаришларга, президентнинг очиқлик ва эркинлик сиёсатига қарши бўлса?

Дин ишлари бўйича қўмита берган расмий баёнотда, қўмита Azon.uz сайтида эълон қилинган мақолаларни олдириб ташлаш бўйича топшириқ бермагани айтилган.

Azon.uz муассиси, диний олим Мубашшир Аҳмад қўмитанинг ушбу баёнотидан сўнг Facebook'даги саҳифасида жонли эфирга чиқиб, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг ўринбосари Дилшод Эшнаев 3 февраль куни унга қўнғироқ қилиб, чиндан ҳам ҳақоратлаганини таъкидлади.

Маълум қилинишича, яширин рақамдан қўнғироқ қилган Дилшод Эшнаев ўзини таништириб, сайтда чиққан мақолаларни дарҳол ўчиришни талаб қилган ва домлани куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қила бошлаган. Унга суҳбатдошнинг муносабатларда хушмуомала бўлайлик, мақоланинг хатоси бўлса, ўрганиб чиқиб ўчирамиз, деган гаплари ҳам таъсир қилмаган.

Azon.uz ушбу суҳбатнинг ёзиб олинган аудиоси мавжудлигини билдирди. Таҳририят қўмита раҳбариятидан Дилшод Эшнаевнинг ҳаракатларига баҳо бериб, бу ҳақда жамоатчиликни хабардор қилишни, яъни Мубашшир Аҳмад домлани ҳақоратлагани ҳамда амалдаги қонунларга зид ўлароқ ОАВ ишига аралашганини тан олишни сўраган.

Kun.uz мухбири билан суҳбатлашган, вазиятдан хабардор, аммо исми ошкор этилишини истамаган шахсларга кўра, Дилшод Эшнаев бунга қадар ҳам Azon.uz сайти ва Azon TV онлайн телевидениесидаги эълон қилинган кўплаб кўрсатувлар ва мақолаларни ўчиришнинг асосий ташаббускори бўлиб келмоқда.

Бундан ташқари, Kun.uz «Mening yurtim» телеканали вакилидан олган маълумотга кўра, Дилшод Эшнаев «Ҳукмдор Усмон» сериалининг намойиши тўхтатилишининг ҳам ташаббускори бўлгани эҳтимол.

Буни қарангки, Эшнаевнинг шахсан ўзи 2020 йилнинг август ойида ўтказилган брифингда айнан диний ташкилотларнинг эркин фаолияти, уларнинг ишига асоссиз аралашиш қонунан тақиқланиши ҳақида гапириб ўтган эди.

Маълумот учун, 2018 йилда «Содиқ хизматлари учун» медали билан тақдирланган собиқ ДХХ ходими Дилшод Эшнаев 2019 йил сентябрь ойида Нуриймон Абулҳасаннинг ўрнига Дин ишлари бўйича қўмита раисининг ўринбосари – Диний ижтимоий жараёнларни ўрганиш ахборот-таҳлил маркази директори лавозимини эгаллаган эди.

Шунингдек, Жасур Акромовнинг бошқа ишга ўтиши муносабати билан Дин ишлари бўйича раислигига ҳам ДХХ тизимида меҳнат қилган Абдуғофур Аҳмедов тайинланган эди.

«Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонуннинг 5-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасида ОАВ эркиндир. Оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш тақиқланади.

АОКА ҳам ўз баёнотида шу жиҳатга эътибор қаратган ва давлат идораларидан журналистларга босим ўтказмасликни сўраганди.

Гарчи Дин ишлари бўйича қўмита таҳририятлар ишига аралашганини тан олмаётган эса-да, Azon.uz таҳририяти маълум қилганидек, қўмита мансабдори Мубашшир Аҳмадга телефон орқали ўта қўпол тарзда мақолани ўчиртиришни талаб қилгани, бу ҳолат аввал ҳам бир неча марта кузатилгани – ОАВ фаолиятига тўғридан тўғри аралашиш, тўсқинлик қилиш ҳисобланади.

Қолаверса, қўмита баёнотида мақолаларни олдириб ташлаш бўйича топшириқ бермагани айтилган бўлиб, телефон орқали суҳбатда Эшнаевнинг Мубашшир Аҳмадни ҳақоратлагани ҳақида лом-мим дейилмаган.

Баёнот орқали қўмита ёлғон ахборот тарқатган ва Azon.uz бош муҳаррири Абдулазиз Муборакни ёлғончига чиқариб, унга туҳмат қилган ҳисобланади. Амалдаги қонунчилигимизда эса шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки уни обрўсизлантиришга олиб келадиган ёлғон ахборотни тарқатиш, шунингдек, туҳмат қилганлик учун жавобгарлик кўзда тутилган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!