Чиқиндиларни бошқариш соҳасида тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси Азиз Абдуҳакимов бошчилигида санитар тозалаш корхоналари раҳбарлари билан учрашув ўтказилди.
Унда Чиқиндиларни бошқариш ва сикркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги директори Шарифбек Ҳасановнинг ахбороти тингланиб, соҳадаги 111 та корхона, жумладан 15 та давлат, 50 та ДХШ, 5 та кластер ва 41 та муқобил корхоналар фаолияти таҳлил қилинди. “Ўзбекистон – 2030” стратегиясига мувофиқ, чиқиндилардан муқобил энергия олишни 35 фоизга ошириш ва полигонларни 50 фоизга қисқартириш вазифалари кўриб чиқилди.
Аҳолининг розилигини ошириш учун чиқиндиларни олиб кетиш графикларига риоя этиш, Call-марказлар ва онлайн платформалар ишини кучайтириш ҳамда “маҳалла еттилиги” билан муаммоли нуқталарни бартараф этиш бўйича топшириқлар берилди. Соҳада 12 та янги имтиёз жорий этилди ва 12 та мавжуд преференция муддати узайтирилди.
Шунингдек, амалга оширилган ишларга ҳам тўхталиб, 47 та полигон рекультивация қилиниб ёпилди, 37 таси эса электрон тарози ва кузатув камералари билан жиҳозлангани маълум қилинди. Муҳим жиҳати — 2026 йил 1 январдан тўловлар фақат кўрсатилган хизмат ҳажмига қараб онлайн ундирилади ва маблағлар Агентлик ҳисоб рақами орқали KPI асосида тақсимланади.
Учрашувда Азиз Абдуҳакимов томонидан тариф сиёсатини қайта кўриб чиқиш, бозорлар ва умумовқатланиш объектлари учун алоҳида тарифлар жорий этиш, имтиёзларни 2031 йилгача узайтириш ҳамда ёқилғи таъминоти учун “яшил йўлак” ташкил этиш масалаларига ҳам алоҳида аҳамият қаратилди ва масъуллар олдига тегишли вазифалар қўйилди. Қарздорликни ундириш тизими электр энергиясига интеграция қилиниши сабабли тўловларни тўлиқ онлайнга ўтказиш ва юридик шахслар билан оммавий оферта шартномаларини тузиш белгиланди.
Чиқиндиларни бошқариш агентлиги директори Шарифбек Ҳасанов бошчилигидаги ишчи гуруҳ 2026 йил апрелгача Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларида санитар тозалаш корхоналари фаолиятини таҳлил қилиб, янги ҳудудларни бириктириш ва хонадонма-хонадон тарғибот ишларини ташкил этишга масъул этиб белгиланди.
