"Чилла": Ўзгидромет чилла иссиғидан огоҳлантирмоқда
Ўзбекистонда 25 июндан 3 августгача бўлган қирқ кунлик давр, халқ анъаналарига кўра, "чилла" ёки "саратон" деб аталади, бу Форс тилида "қирқ кун" деган маънони англатади.
"Чилла" - Ўзбекистон иқлимининг ажралмас қисми деб ҳисобланади.
Ёзда қизиган чўллар устида юқори ҳароратли ва намлиги кам бўлган тропик ҳаво массалари шаклланади, бу ёзнинг ўрталарида булутли, қуруқ ва иссиқ об-ҳавони белгилайди.
Одатда, ҳароратнинг энг юқори қийматлари аслида "чилла" даврига тўғри келади. Шундай қилиб, бу йил ҳам "чилла" нинг бошланиши жорий йилнинг биринчи иссиқ тўлқинларига тўғри келди.
25-29 июн кунлари Ўзбекистон ҳудудига Туркманистон орқали Эрон ҳудудларидан иссиқ ҳаво кириб келиши сабабли максимал ҳаво ҳарорати 40-42° гача, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда 43-45° гача кўтарилади.
Эслатиб ўтамиз, метеорологик кузатувларнинг барча йиллари давомида энг иссиқ июн ойида ҳаво ҳарорати кўпчилик вилоятларда баъзи жойларда 44-46° гача, Қизилқум чўлида 47° гача, республиканинг энг жанубида 48-49° гача кўтарилган.
Ўзбекистон аҳолисида қадимдан жазирама иссиқда ўзини тутиш маданияти шаклланган. Аммо ёзнинг иссиқ кунларида хатти-ҳаракатларнинг баъзи асосий қоидалари ҳақида биз сизга яна бир бор эслатиб ўтамиз.
Қуёшда узоқ вақт қолмасликка ҳаракат қилинг, айниқса куннинг ўртасида. Агар бу иложиси бўлмаса, танани ва бошни тўғридан-тўғри қуёш нурларидан ҳимоя қилишга ҳаракат қилинг.
Кўп суюқлик ичинг, музлатгичдан музли ичимликлар эмас, балки илиқ сув ёки энг яхшиси кўк чой ичинг.
Кўпроқ мева, сабзавотларни истеъмол қилинг. Жуда аччиқ ва ёғли овқатларни итеъмол қилмасликка ҳаракат қилинг. Совутиш мосламалари билан жиҳозланмаган дўконлардан маҳсулотларни харид қилманг - улар қуёшда қанча вақт бўлганини билмайсизку.
Кондиционерли хонада бўлганингизда, тўғридан-тўғри совуқ ҳаво оқими тагида ўтирманг ва кондиционерни 18 даражадан паст бўлмаган ҳароратга “дастурланг”.
Юрак-қон томир касалликлари бор инсонлар дори-дармонларни қабул қилиш бўйича шифокор билан маслаҳатлашишлари керак.