«БОШҚАСИГА УЙЛАНИБ, БОЛА ПУЛИ ОЛИБ ЮРГАН ЭКАН»

«БОШҚАСИГА УЙЛАНИБ, БОЛА ПУЛИ ОЛИБ ЮРГАН ЭКАН»

— Жияним эри билан бирга яшамайди. Яқинда келин бўлиб тушган маҳалласидан қўнғироқ қилиб, бола пули олиши учун қайта ариза бериши кераклигини, аввалгисининг муддати тугаганини айтишди. Суриштирса, собиқ эри унга айтмасдан ўғлига бола пули расмийлаштирган ва бу ҳақда унга айтмаган экан. Бола жиянимнинг тарбиясида, алиментга бермаган. Бу вазиятда жиянимнинг қандай ҳақ-ҳуқуқлари бор? Собиқ эри жиянимнинг номидан фойдалангани учун судга бериши мумкинми?
Исми сир тутилди

Жасур НОРҚОБИЛОВ, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси:

— Кам таъминланган оилалар болалари учун нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 21 октябрдаги 654-сонли қарори билан тасдиқланланган “Кам таъминланган оилаларни «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали аниқлаш, уларга кам таъминланган оилалар болалари учун нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низом билан тартига солинган. Мазкур Низомнинг 13-бандига кўра, “кам таъминланган”, деб эътироф этилган оилага болалар нафақаси ёхуд моддий ёрдам яшаш жойи бўйича оиланинг муомалага лаёқатли аъзосининг ёзма аризасига асосан тайинланади. 15-бандига кўра, Болалар нафақаси ёки моддий ёрдам тайинлаш учун Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлими бошлиғининг номига ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ шаклдаги ариза фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига тақдим этилади.
Аризага қуйидагилар илова қилинади:
• ариза берувчи ва оила аъзоларининг Ўзбекистон Республикаси паспорти ёки ID-карталари (бунда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан ушбу ҳужжатларнинг нусхаси олиниб, асли аризачига қайтарилади);
• чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг яшаш гувоҳномалари, фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномалари ёки ID-карталари ҳамда яшаш жойи бўйича рўйхатга олинганлиги тўғрисида қайд варағи (бунда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан ушбу ҳужжатларнинг нусхаси олиниб, асли аризачига қайтарилади);
• болалари васийлик остида бўлган тақдирда, аризага васийлик ва ҳомийлик органи қарорининг нусхаси илова қилинади;
• оиланинг мавжуд чорва моллари ва паррандалари тўғрисида ушбу Низомга 3а-иловага мувофиқ шакл бўйича маълумот;
• ариза берувчи ва унинг оила аъзолари номидаги тижорат банки ҳисобварақларидаги маблағ қолдиқлари ва ариза берилган ойдан олдинги 3 ой мобайнида уларнинг номига ўтказилган пул ўтказмалари юзасидан маълумотларни Марказий банк томонидан «Ягона реестр» АТга тақдим этиш тўғрисида оилада бирга яшовчи 18 ёш ва ундан катта ёшдаги муомалага лаёқатли барча оила аъзолари имзолари билан тасдиқланган ушбу Низомга 3б-иловага мувофиқ шакл бўйича ариза.
Бунда бирга яшовчи 18 ёш ва ундан катта ёшдаги муомалага лаёқатли барча оила аъзолари имзоларининг ҳақиқийлиги учун ариза берувчи жавобгар бўлади. Ариза берувчи томонидан ушбу бандда келтирилган барча ҳужжатларнинг тўлиқ тақдим этилганлиги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан текширилади.
Йўллаган саволингизда қайд этилишича, сиз турмуш ўртоғингиз билан биргаликда яшамагансиз ва турмуш ўртоғингиз бола пули олиб юрганидан бехабар бўлгансиз.
Саволингиздан келиб чиқилганида, турмуш ўртоғингиз болали оилаларга нафақа ёки бола парвариши бўйича нафақа олиш ҳақида аризалар ва унга илова ҳужжатларни тақдим этишда ҳаққоний маълумотларни тақдим қилмаганлиги кўринади.
Бундай ҳолда, болали оилаларга нафақа ёки бола парвариши бўйича нафақа ҳаққоний маълумотлар яширилганлиги сабабли асоссиз ажратилган ҳисобланади ва тўланган пулларни бюджетга ундирилиши юзасидан молия органлари судга мурожаат қилиши керак бўлади.
Сиз эса, юқорида қайд қилинган низом талабидан келиб чиқиб, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига болалар нафақаси ёхуд моддий ёрдам учун мурожаат қилишингиз мумкин.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!