Болаларнинг таниқли шоири Одил Абдураҳмон вафот этди

Болаларнинг таниқли шоири Одил Абдураҳмон вафот этди

Бугун, 30 январь куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, болаларнинг таниқли шоири Одил Абдураҳмон 80 ёшида вафот этди.

Одил Абдураҳмон (Одилжон Абдураҳмонов) 1943 йил 22 февралда Андижон вилояти Қўрғонтепа тумани Маъмйробод қишлоғида таваллуд топган. 1962-1969 йилларда Андижон давлат педагогика институтида таҳсил олган. 1962-1965 йилларда ҳарбий хизматда бўлган. 1978 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Бадиий ижод билан жуда эрта шуғулланган. Мактабнинг 9-синфида ўқиётганда унинг “Розим” номли илк шеъри “Ғунча” журналида босилган. Ёш шоир ижодига ўшанда “Юқори ҳосил” газетасида шоир Пўлат Абдулла оқ йўл тилаган эди.

Ҳарбий хизматни ўтаётган 1965-1967 йиллари шоирнинг болалар ҳаётидан ҳикоя қилувчи “Қувноқ болалар”, “Салом, қуёш” тўпламлари чоп этилган. Шундан сўнг тез орада Абдулла Орипов, Восит Саъдулла, Қудрат Ҳикмат, Сафар Барноев, Наримон Орифжонов каби таниқли ижодкорлар назарига тушади.

Унинг Рауф Толиб, Отаёр, Сергей Макаров, Сергей Скаченков сингари болалар шоирлари билан дўстлашуви эса ижодида янги босқичлар бўлишига туртки бўлади. Шундан кейин унинг кетма-кет “Ойга ремонт тушармиш”, “Қувноқ болалар”, “Ўзбеклар юрти”, “Милтиқ отилмади”, “Азим кичик армиясининг хазинаси”, “Шамол қандай яшайди”, “Беланчак” каби шеърий ва насрий тўпламлари нашрдан чиқади.

Адибнинг сўнгги йилларда катталар учун бир қатор насрий асарлари нашр этилди. “Ошиқларга ўлим йўқ” қиссаси, “Уруш ва қисмат”, “Сен менинг қўшиғимсан” романлари шулар жумласидандир.

Одил Абдураҳмон 2022 йилда “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!