Бола неча ёшдан спорт билан шуғулланишни бошлаши керак?

Бола неча ёшдан спорт билан шуғулланишни бошлаши керак?

Фарзандлар соғлом ўсиши учун уларнинг тўғри овқатланиши билан бирга, жисмоний фаоллиги муҳим аҳамиятга эга.

Шу боис ота-оналар ўғил-қизлари учун спорт тўгараги танлашда уларнинг ёши, бўйи, жисмоний имкониятлари, хоҳиши ва айниқса, мавжуд касалликларини инобатга олиши зарур.

— Хусусан, 3 ёшгача бўлган болалар билан фақат бадантарбия машқлари бажарилади, — дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги бўлим бошлиғи Барно Одилова. — 4-5 ёшли ўғил-қизларни эса аввал гимнастик машғулотларда “тоблаб”, танасини чиниқтириш мақсадга мувофиқ. Сабаби бу ёшдан кейин суякнинг қайишқоқлиги камайиб, бола кўпгина машқларни бажаришга қийналади.

Инсоннинг асаб тизими асосан 5-6 ёшдан мустаҳкамлана бошлашини инобатга олсак, спорт билан шуғулланиш учун бу палла энг мақбул давр ҳисобланади. Чунки бола бу вақтда мураббий берган вазифаларни бажара оладиган ёшга етади.

6 яшар боланинг хоҳишига кўра исталган спорт тўгарагига бериш мумкин. Аммо бу даврда улар учун энг фойдалилари — сузиш, бадиий гимнастика ва футбол.

Болаларда кўп учрайдиган сколиоз каби хавфли касалликларни 6-12 ёшгача сузиш, турникда машқлар бажариш ва енгил атлетика ёрдамида даволаш мумкин. Кўриш қобилияти паст ўғил-қизлар эса 9-11 ёшда стол тенниси ва катта теннис билан фаол шуғулланиши лозим.

Саломатлик учун барча спорт тури фойдали бўлса-да, улардан айримларини маълум даврларда чеклаш мақсадга мувофиқ.

Масалан, танасининг ривожланиши кечикаётган 12-14 ёш оралиғидаги ўғил-қизларга каратэ, таэквондо, дзюдо каби оғриқ берувчи усулларга бой спорт турлари тавсия этилмайди. Акс ҳолда боланинг бўйи ўсмай қолиши мумкин.

Худди шундай 9-12 ёшда оғир атлетика билан шуғулланиш ҳам маъқул эмас. Чунки бу болага “оғирлик” қилиб, буйраги атрофини ёғ қоплашига олиб келади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!