БМТ Трампнинг Венесуэлани бошқариш режаларидан қаттиқ хавотирда
Венесуэладаги мустақил халқаро фактларни аниқлаш миссияси экспертлари АҚШ ҳукуматининг мамлакатга қилинган ҳужум ва унинг президенти Николас Мадуронинг ўғирлаб кетилиши ортидан Боливар Республикасини бошқариш режалари ҳақидаги баёнотларидан жиддий хавотир билдирди.
Бу ҳақда БМТ матбуот хизмати АҚШнинг Венесуэладаги ҳарбий интервенсиясига оид баёнотида айтилган.
"Фактларни ўрганиш миссияси яқин кунлар ва ҳафталарда беқарорликнинг кучайиши, жумладан, Венесуэла ҳукумати фавқулодда ҳолат эълон қилган ҳолда, АҚШ ҳукуматининг мамлакатни яқин келажакда бошқариш нияти ҳақидаги даъволари фонида инсон ҳуқуқларининг яна жиддий бузилиши хавфидан чуқур хавотирда”, — дейилади ҳужжатда.
Миссия экспертларидан бирининг сўзларига кўра, Мадуро ҳукумати томонидан гумон қилинаётган инсон ҳуқуқлари бузилиши “АҚШнинг ҳарбий аралашувини оқламайди, бу халқаро ҳуқуқни бузади”.
Миссия 2019 йилда БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши томонидан ташкил этилган. Унинг экспертлари 2014 йилдан буён республикада содир этилган инсон ҳуқуқларининг бузилиши ҳолатларини баҳоламоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ президенти Дональд Трамп матбуот анжуманида АҚШ Венесуэлани "ҳокимиятнинг тўғри ўзгариши" мумкин бўлмагунча "бошқаришини" маълум қилганди.
