Берлинда Германия-Ўзбекистон II халқаро тиббиёт форуми ўтказилди

Берлинда Германия-Ўзбекистон II халқаро тиббиёт форуми ўтказилди

Мамлакатимизнинг Берлиндаги элчихонасида Германия-Ўзбекистон II халқаро тиббиёт форуми доирасида тадбир ўтказилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбир мамлакатимиз элчихонаси ташаббуси билан Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва "Кох-Авиценна" Германия-Ўзбекистон тиббиёт жамияти (DUMGKA) билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажарувчи Асилбек Худаяров бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси, Германия Федерал соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарияти ва масъуллари ва олий ўқув юртлари, хусусий клиникалар, йирик компаниялар раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Ўзбекистон элчиси Дилшод Ахатов ва "Кох-Авиценна" Германия-Ўзбекистон тиббиёт жамияти бошқаруви раиси ўринбосари профессор Аксель Рихтер тадбир аввалидаги нутқида меҳмонларни қутладилар.

Мамлакатимиз дипломатик ваколатхонаси раҳбари Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йил 2-3 май кунлари Германияга амалга оширилган расмий ташрифидан сўнг 26-27 майда Самарқандда ташкил этилган биринчи Ўзбекистон-Германия халқаро тиббиёт форуми соҳа бўйича узвий ҳамкорликка тамал тоши қўйганини таъкидлади. Шунингдек, элчи, Берлин шаҳрида ўтказилаётган иккинчи форум ушбу мулоқот платформасининг давомийлигини таъминлаш, аниқ тадбир ва лойиҳаларни амалга ошириш орқали икки томонлама алоқаларни янада жадаллаштиришнинг истиқболларини муҳокама қилиш учун муҳим аҳамият касб этишини қайд этди.

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажарувчи Асилбек Худаяров, Германия Федерал соғлиқни сақлаш вазирлиги давлат котиби Томас Штеффен, Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитаси президиуми аъзоси, профессор Клаус Мангольд ўз чиқишларида Ўзбекистон-Германия II халқаро тиббиёт форуми мамлакатларимиз ўртасидаги узоқ йиллик ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши баробарида соғлиқни сақлаш соҳасидаги умумий устувор вазифалар бўйича истиқболли лойиҳаларни белгилаш ва тиббиёт муассасалари ўртасида аниқ келишувларга эришиш имкониятини яратишини қайд этдилар.

Бундан ташқари, онкология, шошилинч тиббий ёрдам, тиббиёт ходимлари - ҳамшира ва фельдшерларни Германияга ишга жалб қилиш каби йўналишлар бўйича ҳамкорлик икки томонлама манфаатли бўлиши қайд этилди.

Тадбир сўнггида ташкилотчилар Ўзбекистон-Германия II халқаро тиббиёт форуми ишига муваффақият тиладилар.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!