Аёл кишининг улама сочдан фойдаланиши ҳаромми?

Аёл кишининг улама сочдан фойдаланиши ҳаромми?

Ҳадисларнинг соч улашни мутлақ ҳаром эканинга далолат қилишига қарамай, уламолар унинг ҳаром бўлиши  чегараси борасида турли фикрларни айтганлар. Бу ҳукм барча турдаги уламаларга тегишлими ёки  алоҳида бир турдаги уламага хосми? Бу борада икки хил фикр бор:

1 Аёлнинг ўз сочига бошқа бир одамнинг сочини улаши билиттифоқ ҳаром ҳисобланади.

2 Аёлнинг ўз сочига одамнинг сочидан бўлмаган воситаларни улаши. Бу борада уламоларнинг ихтилофи қуйидаги масалаларда акс этади:

         а) Ҳанафийлар киши туя, эчки  ва бошқа ҳайвонларнинг жунларидан ёки латталардан қилинган улама-безаклардан фойдаланишни мубоҳ ҳисоблаганлар. Чунки бунда ўзида бўлмаган нарсани бор қилиб кўрсатиш ва одамнинг аъзоларидан биридан фойдаланиш ҳолати йўқ. Юқоридагилар ҳанафийлар наздида улама тақишнинг ҳаром бўлишига асосий омил ҳисобланади.

Ибн Обидин ўзининг “Ҳошия”сида: “Албатта, рухсат аёллар соч ўримини кўп қилиб кўрсатиш мақсадида тақиб оладиган, одам сочидан бошқа нарсада бўлиб, жундан  соч ўрими ва гажак сифатида фойдаланиш мумкин”, деган.

б) Моликийлар аёлнинг  одам сочидан бўладими, ёки жун ва қилга ўхшаш нарсалардан тайёрланадими, ҳар қандай улама тақишини ҳаром, дейди. Имом Молик: “Аёл ўз сочига бошқанинг сочини ҳам, юнгни ҳам улаши мумкин эмас”, деган.

Моликийлар аёллар сочларига ҳар хил рангли латталар, сочга ўхшамайдиган ипак толаларни қўшиб ўришини улама деб ҳисобламаган ва бундан қайтармаганлар. Имом Молик: “Аёлларнинг соч ўрими ечилиб кетмаслиги учун латталар билан боғлаб, орқасига ташлаб олишининг зарари йўқ”, деганлар.

3) Шофеий мазҳаби уламолари сочга одамнинг сочидан бошқа нарсани улаб юришига батафсил тўхталганлар. Уларнинг фикрича, аёлнинг одам сочидан  бошқа бир нарсани улаб олиши, уламанинг пок ёки нопок нарсадан тайёрланганига қараб фарқланади. Агар улама ўлимтикнинг юнги бўлса ёки гўшти ейилмайдиган тирик ҳайвондан қирқиб олинган бўлса ҳам мутлақ ҳаром ҳисобланади. Бу намозда ҳам намоздан ташқарида ҳам ҳаром ҳукмида тураверади.

Агар мазкур улама тоза нарсадан тайёрланган бўлса, ҳолатга қаралади. Аёл эрли бўлиб,, эри бунга рухсат бермаган бўлса, алдов ва фириб бўлгани сабаб мумкин бўлмайди.

Агар эрининг роилиги билан, заруратсиз, пардоз маъносида қиладиган бўлса, бунда ҳам икки ҳолат бўлади:

- Унинг аслий ҳаром иш экани эътиборидан буни мумкин эмас, дейиш ҳам мумкин.

- эрига чиройли кўриниш мақсадида  зийнатланиш учун қилса, жоиз ҳисобланади. Бу фикрлар ичида энг афзалидир.

Бу фатволар табиий сочга ўхшатиб жун ва шунга ўхшашлардан тайёрланган уламаларга тегишли ҳукм. Аммо, рангли латталар, ипак ва  шунга ўхшаш сочга умуман ўхшамайдиган нарсаларни тақишда ҳеч қандай таъқиқ йўқ. чунки бунда бировни алдаш ва кўзбўямачилик бўлмайди.

Ҳанбалий маҳаби уламолари фикрига кўра, одам сочидан бошқа нарса – хоҳ жун ёки эчкининг қилига ўхшаш нарсалар бўлсин, ҳадиснинг умумий маъносига кўра, одамнинг сочига ўхшаб ҳаром ҳисобланади. Чунки бунда сочга ўхшаш нарсан фойдаланилгани учун алдов бор. аёлнинг ўз сочига қўйнинг юнгидан йигирилган улама тақиши дуруст эмас. 

Уламани жун, қил ва сочдан бошқа  нарсалардан тайёрлаб, соч ўримини боғлашда фойдаланишнинг зарари йўқ. Чунки бу ҳожат юзасидан бўлиб, сочни боғламасликнинг имкони йўқ.

Агар, соч ўрими ечилиб кетишидан бошқа бир  ҳожат юзасидан  улама тақилса, бу борада икки хил  қараш мавжуд:

Биринчиси, макруҳ. Иккинчиси ҳаром бўлиб, аёлнинг ўз сочига  жундан ясалган сунъий ўрим ва толалар улаши таъқиқланади.

Юнгдан  тайёрланган ясама соч тақиш, Жобир розияллоҳу анҳудан қилинган ҳадиснинг умумий маъносига кўра, таъқиқланади.

Ибн Қудома:  “Бу борада келган фикрларнинг энг яхшиси шуки, аёл жун ва қилдан тайёрланган  ясама соч тақиши, унда алдов борлиги сабаб, ҳаром. Шунингдек, тоза ёки нотоза  эканида ихтилоф  бўлган ясама сочларни тақиш ҳам шулар жумласидандир. Бундан бошқа нарсаларни улаб олишда алдов йўқлиги, аёлнинг ўз турмуш ўртоғига безарар воситалар ёрдамида чиройли кўринишга уриниши таъқиқланмаган. Уламадан қайтарилган ҳадисларнинг умумий маъноси эса, макруҳликка йўйилади”.

Манба: azon.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!