Аллоҳ таолонинг Ўзи байрам қилиб берган кун

Аллоҳ таолонинг Ўзи байрам қилиб берган кун

Тилшунос мутахассисларнинг таъкидлашларича, «ҳайит» сўзи ҳам асли «ийд» сўзидан олинган экан. («Ўзбек тилининг изоҳли луғати», 676-бет. Москва. 1981 йил.). Ўғузлар (қадимги турклар) айрим ҳолларда сўз бошидаги унли олдига «ҳ» қўшиб талаффуз қилишган экан. («Девону луғатит турк», 135-бет. Маҳмуд Қашғарий. Тошкент. 1961 йил. Ўз.ССР Фанлар Академияси нашриёти.) Ана шундоқ қилиб, «ийд» сўзи бизда кейинчалик «ҳайит» шаклини олган экан.

Халқимиз қадимдан, Ислом дини билан мушарраф бўлган кундан бошлаб «Ийд ал-Фитр» кунини тантанали равишда байрам қилиб нишонлаб келган. Ийд намозини ўқиш учун бутун шаҳар аҳли бир намозгоҳга йиғилган. Намоздан сўнг бева-бечоралар ҳолидан хабар олиш, фақиру камбағалларга моддий ёрдам кўрсатиш, болаларга ҳайитлик совғалари улашиш халқимиз ичида анъанага айланган.

Шўролар даврида халқимиз бошқа кўплаб қадриятлари қатори ҳайит кунларини расман байрам қилиш ҳуқуқидан ҳам маҳрум қилинган эди. Юртимиз ўз мустақиллигини эълон қилган кундан бошлаб кўплаб миллий- қадриятларимиз қайта тикланди.

Шундай бўлса-да, ҳали ҳануз кўпчилик одамларимиз ушбу куннинг келиб чиқиши, мўмин-мусулмон шахс учун аҳамияти, ҳаётимизда тутган ўрни ҳақида етарли маълумотга эга эмас. Уни айрим кишилар оддий бир урф-одат деб тушуниши ҳам сир эмас. Ана шу жиҳатларни эътиборга олиб, сиз азизларга ушбу муборак куннинг келиб чиқиш тарихи, унга доир одоб ва аҳкомлар ҳақида қисқача маълумот бериб ўтишни мақсадга мувофиқ деб топдик.

Исломнинг аввалида Рамазон рўзаси ҳам, Рамазон ҳайити ҳам бўлмаган. Зотан, бу каби аҳкомлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ мусулмонлар Макка шаҳридан Мадинаи мунавварага ҳижрат қилганларидан кейин бирин-кетин жорий қилинган. Ҳижратнинг иккинчи йили Рамазон рўзаси фарз қилинди ва мана шу ибодатнинг тантанаси ўлароқ Рамазон ҳайити Аллоҳ таоло томонидан мусулмонлар учун байрам қилиб берилди. Бу ҳақда муҳаддисларимиз қуйидагиларни келтирадилар:

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида, у (Мадиналик)ларнинг икки куни бўлиб, улар ўша кунларида ўйин-кулги қилишар эди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу икки кун қандоқ кун?», – деб сўрадилар. Улар:

«Биз жоҳилиятда шу кунларда ўйин-кулги қилар эдик», – дейишди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, Аллоҳ сизларга у иккиси ўрнига улардан кўра яхшироқ – Азҳо ва Фитр кунларини берди», – дедилар».

«Сунан» эгалари ривоят қилган.

Азҳо – Қурбон ҳайити, Фитр – Рамазон ҳайитини билдиради.

Демак, бу икки ҳайит кунларини сиз билан биз мўмин-мусулмонларга бевосита Аллоҳ таолонинг Ўзи байрам қилиб берган экан. Уларни одамлар ўзлари ўйлаб топган ёки олимлар жорий қилган эмас, балки илоҳий ирода шуни ихтиёр қилган экан. Ана шу эътибордан, ушбу кунларни байрам қилишнинг ўзи алоҳида ибодат ҳисобланади.

Мадина аҳли Исломдан олдин йилнинг иккита кунини – баҳорда шамсий йилнинг бошланиш кунини, кузда «Меҳрижон» кунини байрам қилишар эди. Ўша кунларни улар турли ўйин-кулгилар билан ўтказишар эди. Аллоҳ таоло уларга ўша икки куннинг ўрнига бошқа икки кунни байрам қилиб нишонлашни Ислом шариатида жорий қилиб берди. Шундай қилиб, Ислом аркон – асосларидан ҳисобланган икки буюк ибодат – рўза ва ҳаж ибодатларининг якуни мусулмонлар учун энг улуғ байрам этиб тайинланди.

Ана шундан буён мўмин-мусулмонлар бу кунларни байрам қилиб келадилар. Уларни ўзига хос гўзал суратда, ибодат, хайру саховатлар билан, ахлоқ-одоб меъёрлари асосида нишонлайдилар. Бу кунлар доимо эзгулик, хайру барака, меҳр-оқибат рамзи ҳисобланиб келган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!