Аҳоли томонидан энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш – давр талаби

Аҳоли томонидан энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш – давр талаби

Бугун электр энергиясини тежаб ишлатиш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Хўш, бу борада нималар қилиш лозим? Бугун энергия ресурсларини қанчалик тежаш мумкин? Бу саволларга Энергетика вазирлигининг Қайта тикланувчи энергия манбалари, энергия самарадорлиги ва энергия аудити бошқармаси бошлиғи Абдуллажон Отабоевдан жавоб олдик.

— Энергияни тежаш усуллари қандай?

Аввало, шуни таъкидлашим керакки, бугун энергия ресурсларини асраб-авайлаш маданияти келажак авлод олдидаги масъулиятдир. Энергия ресурсларидан рационал фойдаланиш муаммоси энергия истеъмоли маданияти пастлигича қолаётган ҳозирги шароитда янада долзарб аҳамият касб этмоқда. Исрофгарчилик шундоқ ҳам электр энергияси етишмаётган бир шароитда барқарорликка салбий таъсир кўрсатади.

Рақамларга тўхталадиган бўлсак, Ўзбекистондаги 7,4 миллион абонентнинг ҳар бири 100 ваттлик 1 дона чўғланма лампани кечаси атиги 8 соат ўчириб қўйса, бир йилда 2 миллиард 160 миллион 800 минг киловатт электр энергиясини (бу мамлакат аҳолиси умумий истеъмол ҳажмининг 13,5 фоизи деганидир), 1 дона ёруғлик чиқарувчи энергиятежамкор LED лампасини кечаси ёқиб қўйишдан тийилса, 306 миллион киловатт (умумий истеъмол ҳажмининг 1,9 фоизи) электр энергияси тежаб қолинади.

Бир дона чўғланма лампани замонавий LED лампасига алмаштириш орқали эса ойига 22,4 киловатт-соат, йилига эса 271,5 киловатт-соат электр энергияси тежаб қолинади.

Шунинг ўзиёқ амалдаги 295 сўмлик тариф бўйича ҳисобланганда, ойига 6608 сўм (ёки йилига 79 минг 296 сўм) миқдорида маблағ тежаш имконини беради.

— Демак, тежамкорлик орқали энергетик тақчилликнинг олдини олиш мумкин...

— Албатта. Агар бундай тежамкорлик аҳоли орасида оммавий тус олса, бу мунтазам ток ўчишларининг олдини олиш ҳамда электр билан узлуксиз таъминлашга хизмат қилади.

Аҳоли вакиллари ҳатто маиший даражада бўла туриб, улкан ҳажмлардаги энергия тежамкорликка ёрдам бериши, биргина хонадонда электрдан тўғри фойдаланиш орқали бутун мамлакат миқёсидаги энергия самарадорликка ҳисса қўшиши мумкин.

— Яна қандай тавсиялар берасиз?

— Электр ҳам неъмат, унинг исроф бўлишига йўл қўймаслик, асраш масъулияти – барчамиз учун виждон иши, бурч бўлиши керак. Бунда аҳоли сарфлаётган ойлик ёки йиллик электр энергия ҳажмини ўзи мустақил назорат ва таҳлил қилиб бориши, хулоса қилиши, табиий равишда тежамкорликни таъминлаши самарали натижа беради.

Масаланинг яна бир жиҳати, энерготежамкорликни доимий маданиятга айлантириш учун молиявий мотивация ҳам бўлиши керак. Агар электр нархи бозор нархидан бир неча баробар арзон бўлса, тежамкорлик ҳақидаги маъруза ва насиҳатлар иш бермаслиги аниқ.

Аҳолини электр билан узлуксиз таъминлашда истеъмол маданиятини ошириш қанчалик муҳим бўлса, энергетик инфратузилмани модернизация қилиш ҳам худди шундай долзарб аҳамиятга эга. Бунинг учун нарх шаклланиши жараёнига бозор механизмларини жорий этиш, шу орқали қўшимча маблағ ва имкониятларга эга бўлиб, тизимни янгилаш лозим.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!