Афғонистон ва Покистон чегара кучлари ўртасида қуролли тўқнашувлар юз берди
TOLO News телеканали хабарига кўра, тахминан соат 1.30да Покистон кучлари Афғонистоннинг Покистон билан чегарадош Хост вилоятидаги Алишер туманига ракета ҳужуми уюштирган. Афғонистоннинг жавоб ҳаракатларидан сўнг ҳарбий можаро авж олди ва маҳаллий вақт билан соат 5.00гача давом этди.
Тўқнашув натижасида кўплаб оилалар уйларини тарк этишга мажбур бўлди, ҳалок бўлганлар ва ярадорлар ҳақида маълумот йўқ.
24-декабр куни Покистон ҳарбий самолётлари “Покистон Толибон лагерларини нишонга олгани”ни айтиб, Афғонистоннинг Пактика вилоятининг айрим чегарадош ҳудудларига ҳаво ҳужумларини амалга оширди.
Ўз навбатида, Афғонистон ҳукумати ўз баёнотида ушбу ҳужумлар натижасида камида 46 тинч аҳоли жароҳатланганини, уларнинг аксарияти болалар ва аёллар эканлигини таъкидлади.
Ушбу ҳужумларга жавобан афғон кучлари 28 декабр куни Покистон ҳудудига ҳужум қилиб, 19 нафар покистонлик аскарни ўлдирганини даъво қилди.
Афғонистон билан чегарада жойлашган Хайбер-Пахтунхва ва Балучистон вилоятларида сўнгги йилларда терактлар сезиларли даражада ошган.
Пуштун ва балуж этник гуруҳлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишни даъво қилган қуролли гуруҳлар ҳар икки вилоятда Покистон хавфсизлик кучлари ва тинч аҳолига ҳужум қилди.
Исломободнинг иддао қилишича, асосан Хайбер-Пахтунхва вилоятида ҳужумлар уюштирувчи Покистон Толибони (ТТП) аъзолари Афғонистонда жойлашган ва ўз ҳужумларини у ердан ташкил қилади. Бироқ афғон расмийлари бу айбловларни рад этади.
Покистон армияси аввалроқ Афғонистоннинг Хост, Пактия ва Кунар вилоятларидаги ТТП базаларига ҳужум қилган ва бу икки давлат расмийлари ўртасидаги зиддиятнинг кучайишига олиб келган.
