Жапаров Ташиев билан президентликни навбат билан эгаллаш бўйича келишиб олгани ҳақидаги миш-мишларни рад этди
Қирғизистон президенти “Кабар” агентлигига берган интервюсида ушбу масалага тўхталиб, бошқарув борасидаги ўзаро келишув ҳақидаги гапларни инкор қилди.
Журналист Садир Жапаровга "Жамиятда сиз ва Қамчибек Ташиев ўртасида сайловдан олдин “бир муддат – у, бир муддат – унинг яқин дўсти” деган келишув бўлгани ҳақида гап-сўзлар тарқалган эди, бу ростми?", дея савол берди.
"Қирғизистон – демократик мамлакат. Давлатни ким бошқаришини бир ҳовуч одам эмас, Қирғизистон халқи ҳал қилади. Конституцияга кўра, ҳар бир фуқаро сайловда иштирок этиш ҳуқуқига эга ва халқ ишончига сазовор бўлган, аҳоли орасида рейтинги юқори бўлган шахс президент этиб сайланади. Шунинг учун ҳам “бир муддат ундоқ, бир муддат бундоқ” қабилидаги суҳбатлар демократик тамойилларга тўғри келмайди, сиёсий маданиятга зиддир. Бундай фикрлар халқни танлаш ҳуқуқидан маҳрум қилишга уриниш сифатида қабул қилинади", — деб жавоб берди Садир Жапаров.
Президентнинг айтишича, воқеалар хронологияси Жогорку Кенешда (парламент) бошланган. Шундан сўнг бўлиниш кўчадаги “оқсоқоллар”га ҳам ўтган.
"Улар муддатидан олдин сайлов ўтказиш учун имзо тўплай бошлашди. “Жогорку Кенеш” муддатидан олдин сайлов эълон қилмоқчи”, деган гаплар билан одамларни чалғитишди", — деди президент.
Жапаровнинг таъкидлашича, агар у давлат раҳбари сифатида вазиятга ўз вақтида баҳо бериб, кескин қарор қабул қилмаганида, парламентдаги бошбошдоқлик оддий одамлар ҳаётига ҳам кўчиши мумкин эди.
