Япония Ўзбекистон тиббиётига 2,3 миллион долларлик кўмак кўрсатади
Япония “Қон сақлаш ва ташиш учун ускуналар билан таъминлаш лойиҳаси” доирасида Ўзбекистон тиббий муассасаларига 360 миллион иена (2,3 миллион АҚШ долларидан зиёд) миқдорида кўмак кўрсатади.
“Иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш дастури” беғараз ёрдами доирасидаги алмашинув нотасига Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худоёров ҳамда Япониянинг мамлакатимиздаги муваққат ишлар вакили Шиничиро Накамура имзо чекди.
Дастур доирасида Ўзбекистон бўйлаб 14 та ҳудудий қон марказлари ва давлат клиникалари тасарруфидаги 3 та қон қуйиш станциялари замонавий қон сақлаш ва ташиш ускуналари билан жиҳозланади. Мазкур лойиҳа мамлакатимизнинг донор қонига бўлган ортиб бораётган эҳтиёжини қондириш билан биргаликда ихтиёрий донорлар томонидан берилган қондан ишлаб чиқарилган қон маҳсулотларини оширади.
Ушбу ташаббус Ўзбекистон аҳолиси учун хавфсиз қон маҳсулотларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтириб, илғор япон технологияларидан фойдаланиш орқали миллий соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштиришга ҳисса қўшиши ҳам кутилмоқда.
Япония элчихонаси хабар беришича, Кунчиқар ўлка ҳукумати Ўзбекистонда тиббий хизмат сифатини оширишга қаратилган ҳамкорликни кенгайтиришда давом этади.
Аввал хабар берганимиздек, жорий йил 20 декабрь куни Токио шаҳрида “Марказий Осиё + Япония” мулоқотининг биринчи саммити бўлиб ўтди. Олий даражадаги машваратда Марказий Осиё давлатлари ва Япония ўртасида устувор соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Саммит давомида, шунингдек, давлат раҳбарларининг қўшма баёнотида (Токио декларацияси) “Tokyo CA+JAD” ташаббуси доирасида соғлиқни сақлаш ва тиббиёт соҳаси ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган эди.
“Иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш дастури” доирасидаги ҳамкорлик ушбу келишувларнинг амалий ифодаси ҳисобланади.
Жорий йил ноябрь ойида Тошкентда Япония ҳукумати томонидан амалга оширилаётган 859 миллион иена (тахминан 5,6 миллион АҚШ доллари) миқдоридаги дастури доирасида алмашинув нотаси имзоланганди.
Икки давлат жорий йил бошида ҳам умумий қиймати 22,953 млрд иена бўлган “Соғлиқни сақлаш ва тиббий хизмат кўрсатиш тизимини яхшилаш лойиҳаси” бўйича ҳужжат маъқулланган.
