Ҳокимиятдан ағдарилган президент Россияда ҳашаматли ҳаёт кечирмоқда
Суриянинг ҳокимиятдан ағдарилган президенти Башар Асад ва унинг оиласи Россияда ҳашаматли ҳаёт кечирмоқда — Тhe New York Times.
"Суриядан қочиб кетгач, ағдарилган президентнинг қариндошлари аввал Москвадаги Four Seasons меҳмонхонасида яшаган, кейин “Федерация” минорасидаги пентҳаусга, ундан сўнг эса Рублёвкадаги уйга кўчиб ўтган. Меҳмонхонадаги номерларни ижарага олиш нархи ҳафтасига 13 минг долларгача етган", дея ёзмоқда нашр манбаларига таяниб.
NYT маълумотларига кўра, Башар Асад Москвадаги элита муассасаларига VIP меҳмон сифатида ташриф буюради. Асадлар оиласи Россия махсус хизматлари ҳимояси остида бўлиб, улар собиқ президент ва унинг яқинлари ҳаракатларини ҳам назорат қилади.
Маълумотларга кўра, Асадлар оиласи “Москва-Сити”да бир нечта квартирага эга, шунингдек, Рублёвкада ҳам уйлари бор. Башар Асад Суриядан камида 250 миллион доллар нақд пул олиб чиқиб кетган.
Собиқ диктаторнинг укаси Моҳир Асад ҳам Москвада яшайди. Илгари у Сурия Араб армиясининг 4-зирҳли дивизиясига – Сурия қўшинларининг элита бўлинмасига қўмондонлик қилган. Бундан ташқари, Моҳир Асад Яқин Шарқда кенг тарқалган синтетик гиёҳванд модда каптагонни ишлаб чиқарадиган ва сотадиган давлат наркокартелининг амалдаги раҳбари эди.
2024 йил декабрида Сурияда Башар Асад режими ағдарилган, собиқ президент эса Россияга қочиб кетганди. Кремл расмий равишда унга “гуманитар мақсадда” сиёсий бошпана берганини билдирган эди.
