Юртимиз “Декларациялар мулоқоти” халқаро форумига мезбонлик қилмоқда

Юртимиз “Декларациялар мулоқоти” халқаро форумига мезбонлик қилмоқда

Пойтахтимизда кеча бошланган “Декларациялар мулоқоти” халқаро форуми дастурига кўра, икки кун давомида турли масалаларга бағишланган семинарлар бўлиб ўтади.

Кеча “Маданиятлараро диний саводхонлик ва глобал хавфсизлик”, “Дин ва қонун устуворлиги”, “Конфессиялараро муносабатларни ривожлантириш” мавзулари давра суҳбати тарзида муҳокама қилинди.

I семинарда АҚШ Глобал ҳамкорлик институти президенти Крис Сайпл “Маданиятлараро диний таълим ижтимоий барқарорликни таъминлашнинг асосий омили сифатида” номли тақдимотини намойиш қилди.

— Конфессиялараро бағрикенгликнинг ғоявий асоси плюрализм ва хилма-хилликнинг қадри, аҳамиятини эътироф этишдан иборат, — деди, жумладан, жаноб Сайпл ўз чиқишида.

АҚШ жаҳон институти илмий ходими Нокс Темз семинар чоғида ”Диний озчилик ва кўпчиликнинг маданиятлараро диний саводхонлиги динамикаси” мавзусида маъруза ўқиди.

II ва III семинарларда Рената Уитц, Имом Муҳаммад Мажид, Пастор Боб Робертс сингари таниқли хорижий экспертлар турли мавзулар доирасида иштирокчилар билан ўз фикр-мулоҳазаларини ўртоқлашди.

Шунингдек, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Д.Махсудов ҳам ўз фикрлари билан ўртоқлашди:

"Эътиборлиси, Президентимиз Шавкат Мирзиёев илгари сурган ташаббус асосида 2018 йили БМТ Бош Ассамблеясининг ялпи сессиясида “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюциянинг амалий ифодаси мамлакатимизда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳтларда яққол ифодасини топмоқда. Хусусан, турли ғарзли кучлар таъсирида диний-экстремизм фаолиятига адашиб кириб қолган 16 мингдан зиёди инсон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари “қора рўйхати”дан чиқарилди.

Шунингдек, бугунги кунгача ўтказилган “Меҳр” операциялари доирасида Сурия, Ироқ ва Афғонистонда оғир аҳволга тушиб, чорасиз қолган 500 нафардан зиёд аёллар ва болалар Ўзбекистонга олиб келинди. Улар янгиланаётган, инсон эрки ва ҳуқуқлари қадрланадиган юртимизда ўзларининг янги ҳаётини бошлашди.

Маълумки, 2021 йилнинг 5 июль куни Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Ушбу Қонун конфессиялараро тотувликни таъминлаш, жамиятда турли дин ва эътиқод вакиллари ўртасида ўзаро бағрикенглик, ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашда ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилишини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.

2017-2021 йилларда диний таълим тизими ҳам тубдан такомиллаштирилди, янгидан-янги таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари фаолияти йўлга қўйилди.

Ҳозирги кунда республикамизда дунёвий ва диний илмларни пухта эгаллаган етук мутахассисларни тайёрлашга ихтисослашган Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Тошкент ислом институти, “Мир Араб” олий мадрасаси, Ҳадис илми мактаби, 10 та ўрта махсус ислом билим юрти ҳамда православ ва протестант семинариялари фаолият юритмоқда.

Ислом илм-фани ва маданиятининг бой тарихий, илмий, маънавий меросини ҳар томонлама ўрганиш, энг муҳими, ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб бериш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш мақсадида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактаби, Сурхондарёда Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Қашқадарёда Абул Муин Насафий мажмуаси ташкил этилди.

Диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини жаҳон афкор оммасига етказиш ҳамда Ўзбекистоннинг зиёрат туризми борасидаги салоҳиятини кенг намоён этиш мақсадида бир қатор хорижий давлатлар билан кенг ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди. Жумладан, Буюк Британия, Марокаш, Венгрия, Саудия Арабистони, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Индонезия, Япония, Туркия, Миср, Россия, Германия, Испания, АҚШ, Малайзия, Ҳиндистон, Покистон сингари давлатларнинг диний соҳага масъул турдош вазирлик ва идоралари, илмий-тадқиқот марказлари ҳамда таълим муассасалари билан 70 дан ортиқ ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Республикамизда турли динларга эътиқод қилувчи инсонларнинг барча ибодат ва маросимларини эмин-эркин бажариб, диний байрамларини кенг миқёсда нишонлашлари учун ҳам ҳар томонлама шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Жумладан, мусулмонларнинг икки ҳайит байрами, насронийларнинг Пасха ва Рождество байрами, яҳудийларнинг Пейсах, Пурим ва Ханука байрамлари кенг нишонланмоқда. Ушбу саналарда конфессия етакчилари бир-бирларини ўзаро байрам билан табриклашлари яхши анъанага айланган.

Маълумки, юртимизда ҳар йили 16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни муносабати билан турли диний конфессия вакиллари, хорижий давлат ва халқаро ташкилотлар масъуллари иштирокида халқаро конференция ўтказиш яхши анъанага айланган.

Мазкур сана муносабати билан турли конференция ва анжуманлар, давра суҳбати ва учрашувларни ўз ичига қамраб олган “Бағрикенглик ҳафталиги”нинг ўтказилиши – жамиятда бағрикенглик ғояларининг мустаҳкамланиши, турли миллат ва элат ҳамда диний конфессия вакиллари ўртасида ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатлик муносабатларининг янада мустаҳкамланишига хизмат қилаётгани алоҳида эътирофга лойиқ", деди у.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори Содиқ Сафоев бугунги кунда халқаро миқёсда турли хавф-хатар, таҳдидлар авж олган даврда мазкур форум ўта муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!