ЮНЕСКО экспертлари Сенатга ташриф буюрди

ЮНЕСКО экспертлари Сенатга ташриф буюрди

ЮНЕСКО экспертлари Олунифеси Сураж ҳамда Аннетте Оболенски Олий Мажлис Сенатига ташриф буюрди.

Экспертлар мамлакатимизда ахборот очиқлиги, медиа соҳаси ва журналистларга юртимизда яратиб берилаётган шароитлар ҳақида ижобий фикрлар билдирди.

Эксперт О.Сураж “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси билан шахсан танишиб чиққанини таъкидлаб, унда соҳаларни рақамлаштириш бўйича белгиланган устувор вазифаларни юқори баҳолади.

Шунингдек, яқинда Парижда бўлиб ўтган олимпиадада Ўзбекистон кўрсатган тарихий натижани эътироф этиб, ғолиблар қаторида аёлларнинг борлиги соҳада аёллар улуши ортиб бораётганидан далолат беришини таъкидлади.

Бундан ташқари, экспертлар кейинги йилларда Ўзбекистонда ҳар бир соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар хорижий оммавий ахборот воситалари томонидан кенг ёритилаётгани ва улар билан мунтазам танишиб бораётганини билдирди.

Учрашув давомида ЮНЕСКО экспертлари медиа ва ахборот саводхонлиги бўйича миллий стратегияни яратиш юзасидан изланишлар олиб борилаётгани, мазкур лойиҳани амалга оширишда парламентнинг ҳам роли муҳим эканлигини таъкидлади.

Мазкур масала юзасидан сенаторлар ўз фикрларини билдириб, бу борада соҳада қабул қилинган қонунлар ҳамда Сенат томонидан олиб борилган парламент назорати натижалари ҳақида маълумот берди. Шунингдек, ЮНЕСКО билан ҳамкорлик бўйича таклиф ва тавсиялар илгари сурилди.

Томонлар истиқболда биргаликда амалга ошириладиган бошқа режалар ҳамда тадбирлар бўйича келишиб олди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!