Ёш эко-фаоллар иқлим бўйича ташаббусларини тақдим этишди

«Глобал иқлим муаммолари ва Марказий Осиё – умумий фаровонлик йўлида бирлашиш» мавзусидаги Самарқанд иқлим форуми доирасида Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Туркия, Озарбайжон ва Венгрия ёш фаолларини Марказий Осиё давлатлари ва туркий дунё вазирлари ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш идоралари раҳбарларини бирлаштирган ёшлар сессияси бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ташаббуси билан ташкил этилган «Ёшлар: келажакка оптимизм билан» деб номланган юқори даражадаги мулоқот CОP-29 конференциясида қабул қилинган Барқарор ривожланиш маданиятини тарғиб қилиш ва иқлим масалаларига ёшларни жалб қилиш бўйича халқаро стратегиянинг давоми бўлди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов, Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги директори ўринбосари Дилнозахон Каттахонова, Қозоғистон экология ва табиий ресурслар вазири Ерлан Нйсанбаев, Қирғизистон Республикаси табиий ресурслар, экология ва техник назорат вазири Медер Машиев, Туркманистон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазири Чарйгелди Бабаниязов, Озарбайжон Республикаси Президентининг иқлим масалалари бўйича вакили, CОP29 президенти Мухтор Бабаев, ЮНИСEФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Регина Мария Кастигио, «Замин» халқаро жамоат фонди вакиллари, Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон, Тожикистон, Озарбайжон, Туркия ва Венгриядан келган ёш экология фаоллари иштирок этди.
Мулоқот давомида иштирокчилар Барқарор ривожланишга кўмаклашиш ва ёшларни иқлим жараёнларига жалб қилиш бўйича халқаро стратегияни амалга ошириш, жумладан, экология ташкилотларида барқарор платформалар яратиш масалаларини муҳокама қилдилар. Ёш иштирокчилар ёшлар манфаатларини инобатга олган ҳолда Миллий қатъий ҳиссалар (NDC 3.0) янги авлодини ривожлантириш бўйича таклифларини тақдим этдилар. Шунингдек, «Digital Green Start-up» ташаббуси – ёшларнинг экологик жиҳатдан барқарор тадбиркорлигини ривожлантиришга қаратилган рақамли платформа тақдим этилди.
Учрашув якунида вазирлар иқлим масалалари бўйича кун тартибида болалар ва ёшларнинг муҳим ролини таъкидлаб, тегишли экология вазирликлари ҳузурида ёшлар маслаҳат кенгашларини тузиш, ёшлар ўртасида экологик патрулларни ташкил этишга ҳамда уларнинг иқлим сиёсатини шакллантиришда мунтазам иштирок этишини таъминлашнинг бошқа механизмларини жорий қилишга тайёр эканликларини билдирдилар.