Ёқилғи-энергия соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар бўйича фото ва видео хабар бериш тизими йўлга қўйилади

“Ёқилғи-энергетика соҳасида давлат назорати механизмларини такомиллаштириш ва “рақамли энергоназорат” тизимини жорий этиш тўғрисида”ги Президент фармони (ПФ–77-сон, 24.05.2023 й.) қабул қилинди
☑️ Фармонга кўра, электр энергияси ва табиий газдан фойдаланишни назорат қилиш ҳамда ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимларини тўлиқ жорий этиш, ёқилғи-энергия ресурсларини талон-торож қилиш ҳолатларининг олдини олиш ва уларга барҳам беришнинг янги тизими йўлга қўйилади.
🔰 2023 йил 1 сентябрдан:
🔸аҳоли томонидан Энергетика вазирлигининг Интернетдаги махсус ахборот тизимига юборилган электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги фотосуратлар ва видеоёзувлар белгиланган тартибда кўриб чиқилади;
🔸ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги фотосуратлар ва видеоёзувларни юборган шахслар пул мукофоти билан рағбатлантирилади;
🔸ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги фотосуратлар ва (ёки) видеоёзувлардаги ҳуқуқбузарларнинг шахсини аниқлаш Энергетика вазирлигининг ҳудудий органлари сўровига асосан ички ишлар органлари томонидан амалга оширилади.
❗️Ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги фотосуратлар, видеоёзувлар ва хабарларни тақдим этган шахслар тўғрисидаги маълумотларнинг ошкор этилишига йўл қўйилмайди.
📝 Қонун бузилиши аниқланганда, прокуратура органлари томонидан давлат органлари ва мансабдор шахсларга қонун бузилишини зудлик билан бартараф этиш тўғрисида талабнома киритилади.
❕Шунингдек, Ўзэнергоинспекция фаолиятига “Энергоназорат” платформаси ҳамда унинг мобил иловасининг синов версияси 2024 йил 1 мартгача тажриба тариқасида Қашқадарё вилоятида, 2024 йил 1 октябргача тўлиқ версияси жорий этилади.