Ўзбекистоннинг халқаро имижини янада яхшилашга қаратилган қонунлар қабул қилинди

Ўзбекистоннинг халқаро имижини янада яхшилашга қаратилган қонунлар қабул қилинди

Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ)га аъзо бўлиши йўлида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада кўплаб халқаро ҳужжатлар ратификация қилинаётир.

Мамлакатимизнинг жаҳон технология бозорида ўз таъсирини ошириши, халқаро имижини янада яхшилаши учун Гаага битимининг Женева актига қўшилиш жуда муҳим.

Чунки бу халқаро ҳужжат саноат маҳсулотларини ташқи бозорларда илгари суришдан манфаатдор бўлган субъектларга мавжуд миллий тизимларга қараганда саноат намуналарини рўйхатдан ўтказишнинг соддалаштирилган тартиб-таомилини олиш имконини беради.

Шу мақсадда “Саноат намуналарини халқаро рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги Гаага битимининг Женева актига (1999 йил 2 июль, Женева) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши ҳақида”ги қонун ишлаб чиқилди.

Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси мажлисида шу ҳақда сўз юритилди.

Бундан ташқари, мажлисда “Ижрочилар, фонограмма тайёрловчилар ва эшиттириш ташкилотлари ҳуқуқларини муҳофаза қилиш тўғрисидаги халқаро конвенцияни (Рим, 1961 йил 26 октябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонунга ҳам эътибор қаратилди.

Мазкур қонун аҳдлашувчи давлатларда ижрочилар, фонограмма тайёрловчилар ва эшиттириш ташкилотларининг интеллектуал ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган.

Конвенцияни ратификация қилган томонлар ижрочилар, фонограмма тайёрловчилар ва эшиттириш ташкилотлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлашнинг миллий режимини тақдим этиши белгиланган.

Қонун кучга кирса, Ўзбекистон турдош ҳуқуқлар соҳасидаги халқаро стандартларни жорий этиш бўйича мажбуриятларни ўз зиммасига олади. Бу эса бозор муносабатларини янада ривожлантиришга ва мамлакатимизнинг инвестициялар жалб этувчанлигини оширишга хизмат қилади.

Сенаторлар миллий қонунчиликнинг мазкур халқаро ҳужжатлар қоидаларига мувофиқлигини, уларни ратификация қилишдан кутилаётган натижалар, шунингдек, уни кейинчалик имплементация қилиш механизмларини атрофлича муҳокама қилди.

Қонунлар Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлиси кун тартибига киритилиши тавсия этилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!