Ўзбекистонликларга уйда қолиш муаммо эмас. Нега дейсизми?

Ўзбекистонликларга уйда қолиш муаммо эмас. Нега дейсизми?

Сабаби оддий. Бизда ҳар куни бир марта кўчага фақат иш юзасидан чиқилади. Аксарият ҳолларда...

Келинг, фикримни янаям аниқроқ ифодалаш учун бир мисолни келтирсам. Ҳар йили ёзда хорижда яшайдиган қариндошларимиз келиб, таътил даврини ўз юртида ўтказиб кетишади. Шунда уларнинг кундалик яшаш тарзига эътибор бераман. Одатда биз уларни уйда меҳмон қилишга, кўпроқ вақтини оилавий даврада ўтказишга ҳаракат қиламиз. Уларнинг ёши каттароқлари бундан хурсанд бўлишса-да, аммо ёшроқлари, яъни суяги хорижда қотганлари бу меҳмоннавозликдан кўпам хурсанд бўлишмайди. Улар учун кўчада овқатланиш, ҳеч бўлмаса нимадир тановул қилиб олиш ёки кўнгилочар масканга бориш (чўмилиш ҳавзаси, караоке, 3D кинотеатр ва ҳоказо) ҳаёт тарзининг бир қисмига айланиб улгурган. Бу ҳақда уларнинг ўзи билан суҳбатлашганимда, ҳақиқатан ҳам хорижликлар ҳеч бўлмаса ҳар куни қаҳвахонага кириб, бир финжон қаҳва ичмаса, ўзларини нохуш ҳис қилишларини таъкидлаб ўтди. Табиийки, четдан бориб, яшаб қолган инсонлар ҳам бундай ҳаёт тарзига дарров кўникиб қолади ва мослашади.

Биз учун, аксинча, қариндошлар билан дийдорлашув оилавий даврада, ошхонада бекалар, баъзида оила бошлиқлари томонидан тайёрланадиган паловхонтўранинг биқирлаб пишиши жўрлигида мазмунлироқ ўтади.

Шунингдек, ёши катта хорижликлар учун саёҳат ҳам ҳаёт тарзининг бир қисмига айланиб улгурган. Аммо бизнинг бобо, бувиларимиз вақтини неваралари билан ўтказишни кўпроқ маъқул кўришади. Баъзи ёши улуғлар ҳатто имкон бўлса-да, хорижда яшовчи фарзандиникига ҳам бормайди.

Бу каби фарқларни ўша пайти иқтисодий имкониятлар туфайли бўлса керак, деган фикрга ҳам боргандим. Аммо янаги кузатувларим бу фикрни ўзгартирди. Сабаби, иқтисодий жиҳатдан анча бақувват оилаларда ҳам бу ҳолни кузатмадим. Биз кўпроқ уйда, оила даврасида, яқинларимиз билан ҳамсуҳбатда, миллий таомларни пишириб, кўпроқ завқ оларканмиз.

Эҳтимол, иқтисодий аҳволимиз туфайлидир, балки бошқа сабаблар бордир. Аммо айни пайтда бу фазилат янаям қўл келади, деб ўйлайман.  Йиллар давомида қадриятларимизга айланган бу фазилат Бизнинг уйда қолишимиз ва яқинларимиз ҳамда ўзимизнинг саломатлигимизни асрашда ёрдам беражак!

Гулруҳ МЎМИНОВА

Manba: zernews.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!