Ўзбекистон Республикасининг янгиланган Конституциясида суд ҳокимиятининг ҳуқуқий асослари

Ўзбекистон Республикасининг янгиланган Конституциясида суд ҳокимиятининг ҳуқуқий асослари

Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини қуришдаги муҳим шартлардан биридир.

Шу муносабат билан мамлакатимизда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, шунингдек одил судловга эришиш даражасини ошириш суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш соҳасида давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишлари этиб белгиланган.

Жорий йилнинг 30 апрель куни умумхалқ референдуми асосида қабул қилинган янги Конституциямизда суд-ҳуқуқ соҳасида ҳам муҳим янгиликлар ўрин олган. Улар шубҳасиз фуқаронинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишда суднинг ролини ошириш, ҳар қандай низоли масала суд томонидан адолатли ечим топишига қаратилган.

Маълумки, суд тизимининг дастлабки конституциявий ҳуқуқий асослари Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ўз аксини топган. Конституциянинг йигирма иккинчи боби “Ўзбекистон Республикасининг суд ҳокимияти” деб номланиб, ушбу боб 11 та моддадан иборат эди.

Умумхалқ муҳокамаси натижасида янги таҳрирдаги Конституция лойиҳаси ҳажм жиҳатдан бир мунча кенгайиб, 11 та моддадан иборат “Суд ҳокимияти” деб номланган XXIII боб билан ўзгартирилди.

Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раиси ва унинг ўринбосари Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан беш йиллик муддатга сайланиши, айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг раиси, раис ўринбосари этиб сайланиши мумкин эмаслиги каби конституциявий нормалар киритилди.

Шунингдек, Конституциявий суд судьяларини қайта сайланиш ҳуқуқисиз 10 йилга сайлаш тартиби белгиланди. (эски таҳрирда биринчи марта 5 йилга, кейин 10 йилга сайланиши назарда тутилган).

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ўз таркибидан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг раисини ва унинг ўринбосарини ҳам беш йиллик муддатга сайлаши алоҳида қайд этилиб, муддатлар аниқлаштирилди. (эски таҳрирдаги конституцияда бу муддат белгиланмаган эди).

Конституциявий суднинг ваколатлари кенгайтирилиб, унга референдумга чиқарилаётган масалаларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлиги тўғрисида хулоса бериш ваколати берилди.

Бундан ташқари, фуқаролар ва юридик шахслар, агар суд орқали ҳимоя қилишнинг бошқа барча воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, судда кўриб чиқилиши тугалланган муайян ишда суд томонидан ўзига нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги шикоят билан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига мурожаат қилишга ҳақли эканлиги каби қоиданинг конституцияда ўз аксини топганлиги фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларининг таъминлашнинг ҳуқуқий кафолати бўлди десак муболаға бўлмайди.

Шунингдек, янгиланган конституцияда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси ва унинг ўринбосарларини сайлаш тартиби ва муддатлари ҳақидаги қоидалар ҳам ўз аксини топди.

Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси ва унинг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан беш йиллик муддатга сайланиши, айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси, раис ўринбосари этиб сайланиши мумкин эмаслиги белгиланди.

Янгиланган конституцияда судларнинг мустақиллигини таъминлаш юзасидан киритилган муҳим ўзгаришлардан яна бири 136 ва 140-моддаларда ўз аксини топди.

Унга кўра, судьяларнинг муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмаслиги, давлат судьянинг ва унинг оила аъзоларининг хавфсизлигини таъминлаши, судьяни муайян ишнинг муҳокамасидан четлаштиришга, унинг ваколатларини бекор қилишга ёки тўхтатиб туришга, бошқа лавозимга ўтказишга фақат қонунда белгиланган тартибда ва асосларга кўра йўл қўйилиши ва суднинг қайта ташкил этилиши ёки тугатилиши судьяни лавозимидан озод этиш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин эмаслиги каби нормалар белгиланди.

Шунингдек, судларнинг фаолиятини молиялаштириш фақат Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан амалга оширилади ҳамда у одил судловни тўлиқ ва мустақил амалга ошириш имкониятини таъминлаши кераклиги алоҳида қайд этилди.ликасиКонституциявий

Конституцияга киритилаётган мазкур ўзгартиришлар билан судьялар мустақиллиги ва одил судлов тизимининг конституциявий асослари мустаҳкамланди.

Маълумки, одил судловни амалга ошириш жараёнида судьянинг ўзи ва унинг оила аъзолари ҳамда уларнинг мол-мулкига нисбатан турли таҳдидлар бўлиши мумкин. Бундай ҳолларда судья доим хавотирда бўлиши табиий. Бу эса, ўз навбатида, судьянинг онгида — адолат, тилида — ҳақиқат бўлишига тўсқинлик қилиши аниқ.

Шу сабабли судьялар ишига ҳар қандай аралашув кескин жазоланиши, уларнинг хавотирсиз ишлаши учун барча зарур шароитлар яратилганини ҳар доим ҳис қилиб турадиган ҳуқуқий механизм барқарор ишлаши лозим.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, судьяларнинг мустақиллиги ва дахлсизлигини таъминлашнинг муҳим шартларидан бири — судья ва унинг оила аъзолари хавфсизлигини таъминлаш давлатнинг мажбурияти сифатида Конституция даражасида мустаҳкамланмоқда.

Н.Раимкулов, Фарғона вилоят судининг судьяси


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!