Ўзбекистон Республикаси нотариал палатаси кубоги учун шахмат-шашка турнири ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатасининг кубоги учун шахмат-шашка турнирига старт берилиб, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида мусобақаларнинг илк босқичи ўтказилди.
Тошкент шаҳридаги “Халқаро шахмат академияси”да турнирнинг республика босқичи ўтказилди.
– Нотариуслар ўртасида шахмат бўйича мусобақа жуда қизғин кечди, баъзи вилоятлар, жумладан, Фарғона, Бухоро, Сурхондарё вилоятлари вакиллариўртасидаги баҳслар профессионал шахматчиларникидан қолишмади, – дейди Ўзбекистон Нотариал палатаси раиси ўринбосари Жамшид Рахмонов. – Ўйлаймизки, нотариуслар билан ўзаро мулоқот жуда фойдали бўлди. Қолаверса, ақл гимнастикаси деб тан олинган шахматни ўйнаш ҳар қандай касб эгасини чиниқтиради.
- Шундай спорт мусобақаларини ташкил этгани учун Нотариал палата раҳбариятидан миннатдормиз, - дейди Нукус шаҳрида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Арухан Аметова. – Рости, турнирда иштирок этганимдан жуда хурсандман. Албатта, бу беллашувларда фахрли 3-ўринни эгаллаш ҳам осон бўлмади.
– Турнирнинг якуний босқичида жами 28 нафар ҳаваскор шахмат ва шашкачи иштирок этди. Шахмат бўйича эркаклар, шашка бўйича аёллар ўзаро баҳслашди.
Тўрт соат давом этган турнир қизғин баҳсларга бой кечди. Мусобақа якунида шахмат бўйича фахрли 1-ўрин Фарғона шаҳрида хусусийамалиёт билан шуғулланувчи нотариус Давронбек Адҳамовга, шашка бўйича 1-ўрин Наманган шаҳрида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Саодатхон Қўзиевага насиб қилди.
Шахмат бўйича 2-ўринни Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Алишер Абдиназаров, шашка бўйича 2-ўринни Хива туманида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Гавҳаржон Саъдуллаева эгаллади.
Тадбир якунида ғолибларга Нотариал палатанинг дипломлари ва эсдалик совғалари топширилди.
