ЎЗБЕКИСТОН ДЕЛЕГАЦИЯСИ ТУРКИЯДА ЎТКАЗИЛГАН СТРАТЕГИК КОММУНИКАЦИЯЛАР ХАЛҚАРО САММИТИДА ИШТИРОК ЭТДИ

ЎЗБЕКИСТОН ДЕЛЕГАЦИЯСИ ТУРКИЯДА ЎТКАЗИЛГАН СТРАТЕГИК КОММУНИКАЦИЯЛАР ХАЛҚАРО САММИТИДА ИШТИРОК ЭТДИ

Жорий йилнинг 24-25 ноябрь кунлари Истанбулда Туркия Республикаси Президенти ҳузуридаги Ахборот-Коммуникациялар департаменти ташаббуси билан Стратегик коммуникациялар халқаро саммити бўлиб ўтди.

Мазкур нуфузли тадбирда Ўзбекистон делегацияси таркибида “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков иштирок этди.
Шунингдек, саммитда қатор халқаро ташкилотлар, сиёсий, иқтисодий, таҳлилий ва дипломатик доиралар вакиллари, экспертлар, мутахассислар, ОАВ ва журналистлар қатнашди.

Бу йил учинчи бор ўтказилган саммит “Гибрид таҳдидларга қарши глобал кураш: барқарорлик, хавфсизлик, бирдамлик” шиори остида ташкил этилган бўлиб, унинг биринчи кунида Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған тадбир иштирокчиларига видео мурожаат йўллади. Хусусан, Туркия Президенти ўз нутқида дунёдаги мавжуд геосиёсий беқарорликка алоҳида тўхталди.

“Сўнгги пайтларда бошимиздан кечирган воқеалар бизга эслатган энг муҳим масала стратегик алоқанинг аҳамиятидир. Уруш, тўқнашув, ҳужум ва мудофаа фақатгина жанг майдонларида эмас, медиа маконда ҳам авж олаётганини ҳаммамиз кўрдик ва кўряпмиз”, - деди Режеп Таййип Эрдоған.

Туркия Президенти, шунингдек саммит қатнашчиларини инсон ҳуқуқ ва эркинликларини поймол қилишга қаратилган ҳар қандай дезинформациянинг ҳалокатли оқибатларига қарши биргаликда курашишга чақирди.

Саммит очилиш маросимида сўзга чиққан Туркия Президенти ҳузуридаги Ахборот-Коммуникациялар департаменти директори Фахретдин Алтун мазкур саммитнинг гибрид таҳдидларга қарши курашишдаги аҳамиятига тўхталди. Фахретдин Алтун гибрид таҳдидларни бугун дунёда рақобат, кураш ва урушнинг янги усуллари, деб атади ва унга қарши туриш учун биринчи навбатда миллий хавфсизлик ва мудофаа механизмларини ислоҳ қилиш, мослашувчан ва кўп қиррали кураш стратегияларини ишлаб чиқиш кераклиги ҳақида гапирди.

“Дезинформация ёлғон маълумотларнинг кўпайишига ва ҳақиқат инқирозига сабаб бўлмоқда. Энг ёмони, ҳақиқат инқирози бугунги кунда халқаро майдонда яққол сезила бошлаган демократия инқирозини келтириб чиқаради"- деди Фахретдин Алтун.

Алтуннинг таъкидлашича, “гибрид таҳдидлар” биринчи галда “прокси урушлар”, “сиёсий манипуляциялар”, “иқтисодий босим элементлари”, “халқаро ҳуқуқни манипуляция қилиш”, “терроризм”, “кибер ҳужумлар” каби тушунчаларни назарда тутади. Ўз навбатида Фахретдин Алтун Туркия стратегик коммуникациялар соҳасида ўзаро ҳамкорликнинг глобал марказига айланиш чораларини кўраётганини маълум қилди.

Бундан ташқари, Туркия Ташқи ишлар вазири Фидан Хоқон ўз нутқида бугунги кунда уруш ва тинчлик ўртасидаги чегара тобора ноаниқлашиб бораётганини таъкидлади. Шу нуқтайи назардан, у дезинформацияга қарши курашиш учун стратегик алоқалар зарурлигини, бу йўлда барча саъй-ҳаракатларни бирлаштириш кераклигини айтди.

Икки кун давом этган саммитда стратегик коммуникациялар соҳасидаги долзарб масалалар муҳокама қилиниб, 50 дан ортиқ мамлакатлардан ташриф буюрган сиёсатчилар ва экспертлар дунё давлатларининг ахборот сиёсати ва дезинформацияга қарши курашиш борасида амалга ошириб келаётган сиёсати бўйича фикр алмашилди.
Жумладан, “Гибрид таҳдидларнинг янги жабҳалари”, “Гибрид инқирозларда мулоқотдаги қийинчиликлар”, “Ҳақиқат призмасидаги воқелик: гуманитар инқироз ва можароларни фош этиш”, “Янги можаро зоналари: XXI аср инқирозлари ва зиддиятлар” каби мавзуларда 9 та панель сессияси бўлиб ўтди.

Саммитнинг «Стратегик коммуникацияларнинг янги дилеммалари: ахборот хавфсизлиги ва шаффофлик» мавзусига бағишланган сессияси “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков модераторлигида бўлиб ўтди. Унда ахборотни манипуляция қилиш бўйича мамлакатлар тажрибалари кўриб чиқилиб, киберҳужумлардан ҳимояланиш масалалари муҳокама қилинди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!