Украина қурол ишлаб чиқаришни кўпайтирмоқда, аммо...
Украина қурол ишлаб чиқаришни кўпайтирмоқда, аммо барибир Ғарбнинг катта ёрдамига муҳтож
"Украина маҳаллий қурол ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва учувчисиз тизимлар соҳасида Россиядан устунлигини сақлаб қолиш бўйича саъй-ҳаракатларини давом эттирмоқда", деб ёзади Америка урушни ўрганиш институти (ISW).
Украина президенти Володимир Зеленский 1 октябр куни Украина компаниялари ҳозирда йилига 4 миллион дрон ишлаб чиқариши мумкинлигини айтди, расмийлар эса ҳозиргача 1,5 миллион дона дрон ишлаб чиқариш бўйича шартнома имзолаган.
Россия президенти Владимир Путин яқинда Россия 2024 йилда дрон ишлаб чиқариш ҳажмини 10 баробарга ошириб, 1,4 миллион донага етказишни режалаштираётганини айтди.
Зеленский, шунингдек, Украина ҳар ой 15 та "Богдан" ўзиюрар артиллерия тизимини ишлаб чиқариши мумкинлигини таъкидлади.
Украина мудофаа вазири Рустем Умеровнинг баёнотларига кўра, Украина дронлар ва узоқ масофали ракеталар, жумладан баллистик ракеталарни маҳаллий ишлаб чиқаришга устувор аҳамият беришда давом этмоқда.
Мамлакат бош вазири Денис Шмигалнинг Киев 2025 йилги бюджет лойиҳасида қурол-яроғ ва ҳарбий техника харид қилиш учун 7 миллиард доллар ажратган – бу жорий йил учун белгиланганидан 65 фоизга кўп.
Шмигалнинг айтишича, Украина 2023 йилда маҳаллий қурол ишлаб чиқаришни уч баробарга, 2024 йилнинг биринчи саккиз ойида эса икки баробарга оширган.
ISW ҳисоб-китобларига кўра, Украинанинг маҳаллий ишлаб чиқаришни кенгайтириш борасидаги саъй-ҳаракатлари узоқ муддатда унинг Ғарб ҳарбий ёрдамига боғлиқлигини камайтиради, бироқ ҳозирча Киев ҳимояланиш учун ҳамон Ғарбнинг муҳим ёрдамига муҳтож.