Трампнинг махсус вакили Италиянинг ЖЧга бориши ҳақида: «Имконият 50% дан юқори, Трамп ва Инфантино ҳал қилади»
АҚШ президенти Дональд Трампнинг махсус вакили Паоло Дзамполли Италия терма жамоасининг ЖЧ-2026да иштирок этиш эҳтимолини баҳолади.
Аввалроқ Дзамполли Эрон терма жамоасини Италияга алмаштириш таклифи билан чиққан эди. АҚШ ва Исроил билан бўлаётган уруш сабабли, Эроннинг турнирдаги иштироки борасида мавҳумлик сақланиб қолмоқда.
«Италиянинг Жаҳон чемпионатида иштирок этиш эҳтимоли қандай? Менимча, 50 фоиздан юқори. Шу дам олиш кунлари Майамида, «Формула-1» Гран-присида Инфантино (ФИФА президенти) билан учрашаман.
Жаҳон чемпионати Италиясиз ўтмаслиги керак, қарорни Инфантино ва Трамп қабул қилади. Уруш сабабли Эроннинг иштироки ҳали тасдиқланмаганини кўрдим ва Инфантинодан Италиянинг қатнашиш имконияти ҳақида сўрадим.
Бундан ташқари, виза олиш жуда қийин ва биз ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этиши мумкин бўлган одамларни кўришни истамаймиз. Агар сиз Қўшма Штатларда кутилмаган одамларни юбораётган бўлсангиз, уларнинг келмагани маъқул. Мен Трамп билан тўғридан-тўғри гаплашганим йўқ, лекин у ўз фикрини ўзгартирмаган.
Эронлик футболчилар жуда, жуда қадрланади, аммо вазир Рубио улар Қўшма Штатлар кўришни истамаган одамларни олиб келолмаслигини аниқ айтди. Агар Эрон иштирок этмаса, кимнидир юборишга тайёрмизми-йўқми билмайман, лекин ҳар қандай нарса содир бўлиши мумкин», — деди Дзамполли.
