Тошкент халқаро кинофестивали: Тошкент кинотеатрларида 50 дан ортиқ таниқли хориж фильмлари намойиш этилади

Тошкент халқаро кинофестивали матбуот хизмати 29 сентябрь - 2 октябрь кунлари ўтказиладиган “Ипак йўли дурдонаси” ХV Тошкент халқаро кинофестивали афишасини эълон қилди. Унга кўра, Тошкентдаги 10 га яқин кинотеатрда хорижий фильмларнинг намойишини кўришингиз мумкин.
Хусусан, “Parus Cinema”, “Riviera Cinema”, “Next Cinema”, “Compass Cinema”, “Aziya Cinema” каби кинотеатрларда 50дан ортиқ хорижий фильмларни томоша қилиш имкони мавжуд. Фильмлар ўзбек ва инглиз тилларидаги субтитрлар билан кўрсатилади.
Кириш бепул, жойлар сони чекланган!
Фильмлар рўйхати ва намойиш вақти билан қуйидаги ҳавола орқали танишинг 👉 АФИША
Таъкидлаш жоизки, фильмлар орасида «Саргардон замин 2» (Хитой), «Инглиз тили дарси» (Жанубий Корея), «Менинг жиним» (Қозоғистон), «Фиръавн, йиртқич ва малика» (Франция), "Садоқатли Ҳасан" (Туркия), "Ғолиблар" (Буюк Британия), "Скарлетт" (Италия), "Опа-сингиллар" (Латвия) каби машҳур кинокартиналар ҳам ўрин олган.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, кинофестиваль доирасида Европа иттифоқи давлатлари фильм фестивали, шу билан бирга, Туркий давлатлар ва МДҲ давлатлари кинофоруми ҳам бўлиб ўтади. Шу билан бирга, “Ўзбек дубляжи 85 ёшда”, “Кино 5 кунда” танлови, ўзбек киносининг 115 йиллигига бағишланган миллий тадбирлар, Италия фильмларида кийилган кастюмлар кўргазмаси, кинотеатрларда хориж кино кунлари, семинар-тренинглар, маҳорат дарслари, таниқли киноижодкорлар билан ижодий учрашувлар, ретроспектив кинонамойишлар ҳам фестивал дастуридан ўрин олган.