Тошкент вилоятида газ заправка собиқ ҳисобчиси салкам 1 млрд сўмни ўзлаштиргани аниқланди

Тошкент вилоятида газ заправка собиқ ҳисобчиси салкам 1 млрд сўмни ўзлаштиргани аниқланди

Тошкент ва Навоий вилоятларида тадбиркорларнинг маблағларини ўзлаштирган шахслар аниқланди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.

Қайд этилишича, департаментнинг Бекобод туман бўлими томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан терговга қадар текширув ўтказилган. Текширувда “С.И.” МЧЖга қарашли автомобилларга газ қуйиш шохобчаси собиқ ҳисобчиси М.Х. ва бошқалар автомобилларга газ сотувидан тушган жами 977,7 миллион сўмни МЧЖнинг ҳисоб-рақамига кирим қилмасдан ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилгани аниқланган.

Шу каби, департаментнинг Навоий шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда “Ф.-Ф.” МЧЖнинг омборхона масъул шахслари ўзларига ишониб топширилган 5 518 хил турдаги дори воситаларини сотиб юбориб, жами 515,1 миллион сўмни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилгани маълум бўлган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Бундан олдин Самарқандда ижарага берилган 1,3 миллиард сўмлик бино бузилиб, қурилиш материаллари сотиб юборилгани тўғрисида хабар берилганди. Март охирларида эса департамент ходимлари томонидан Навоийда ижарага берилган 1 гектар ерни 5 минг долларга сотишга уринган шахс ушланган эди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!