Тошкент вилоятида айрим мактаб ва боғчаларнинг яроқсиз бинолари бузилади

Тошкент вилоятида айрим мактаб ва боғчаларнинг яроқсиз бинолари бузилади

Тошкент вилоятидаги айрим яроқсиз ҳолатдаги объектлар бузилади. Бу бўйича 17 апрель куни вилоят ҳокими Зоир Мирзаевнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Ҳужжатда айрим яроқсиз ҳолатдаги биноларни бузиш зарурати ижтимоий соҳа объектларида реконструкция қилиш ишлари олиб борилаётгани сабаб юзага келгани қайд этилган. Шундан келиб чиқиб, вилоятнинг учта туманидаги фойдаланишга яроқсиз бўлган қуйидаги бинолар бузилади:

  • Зангиота тумани “Асил” МФЙ ҳудудидаги 27-сонли умумий ўрта таълим мактабининг 1 қаватли қўшимча бино-иншоотлари;
  • Бўка тумани “Ўзбек” МФЙ ҳудудидаги 4-сонли мактабгача таълим ташкилотининг 3 та 1 қаватли бино-иншоотлари;
  • Тошкент тумани “Чиғатой” МФЙ ҳудудидаги 18-сонли мактабгача таълим ташкилотининг 1 қаватли бино-иншоотлари.

Мазкур бино-иншоотларнинг пойдевори ғиштдан бўлгани сабаб асосий юк кўтарувчи консруксиялари уларни 2 қаватли қилиб қуриш имконини бермайди ҳамда хулосаларга асосан бино-иншоотларнинг асосий юк кўтарувчи консруксияларини кучайтириш катта маблағ талаб этади.

Мазкур бино-иншоотларни вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат инспекциясининг хулосаларига асосан белгиланган тартибда бузишга рухсат берилади. Шунингдек, бузиш натижасида яроқли деб топилган қурилиш материалларини белгиланган тартибда расмийлаштириш, ер майдонидан келгусида самарали фойдаланиш чораларини кўриш белгиланган.

Аввалроқ Андижонда яроқсиз ҳолатга келиб қолган 20 та мактаб ва боғча биноси бузилиши тўғрисида хабар берилганди. Февраль охирларида эса ижтимоий тармоқларда уста-қурувчилар Бухоро ихтисослаштирилган санъат мактабидаги мусиқа асбоби (пианино)нинг устига чиқиб, жамоатчиликнинг эътирозларига сабаб бўлувчи хатти-ҳаракатларни содир этгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!