Тожикистон расмийлари учта теракт аниқлангани ҳақида хабар берди
Тожикистонда жорий йилнинг олти ойида учта теракт, шунингдек, яна иккита ҳужумга уриниш қайд этилган ва фош этилган.
Бу ҳақда республика ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Абдураҳмон Аламшозода матбуот анжуманида маълум қилди.
Шу даврда бошқарма томонидан террорчилик ва экстремистик характердаги 582 та жиноят қайд этилган.
Шунингдек, кўрилган чоралар натижасида қидирувда бўлган 1381 нафар жиноятчи қўлга олинганини алоҳида таъкидлади.
"Жорий йилда халқаро қидирувда бўлган 44 нафар жиноятчи хорижий давлатларда қўлга олинди, улардан 22 нафари Интерпол миллий маркази орқали Тожикистонга экстрадиция қилинди”, — деди у.
Аламшозоданинг қўшимча қилишича, ушбу даврда террорчилик ва экстремистик ташкилотларнинг 226 нафар аъзоси қўлга олинган.
"Шунингдек, олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида 220 нафар фуқаро хориждан ўз ватанига ўз ихтиёри билан қайтди ва жиноий жавобгарликдан озод этилди", – дейди у.
Тушунтириш чоралари кўрилгани натижасида 1589 нафар террорчилик ҳаракати ва ташкилотлари аъзоси ҳамда қуролли амалиётлар иштирокчиси хориждан қайтарилди.
"Улар жиноий жавобгарликдан озод қилиниб, тинч ҳаётга қайтишди" - деди Аламшозода.
Шунингдек, террорчиларнинг 47 оиласи урушаётган мамлакатлардан қайтарилди - жами 381 нафар Тожикистон фуқароси.