Тил байрамига: «Соғинч» (ҳикоя)

A A A
Тил байрамига: «Соғинч» (ҳикоя)

Турғунойга шаҳар ёқди. Одамларнинг биров билан иши йўқ экан. Шундоқ уйи ёнидаги мактабга она тили ва адабиёт ўқитувчиси бўлиб ишга кирдию, фикри ўзгара бошлади.

Бу русча-ўзбекча аралаш синфлари бор мактаб бўлиб, раҳбарлари ҳам русийзабон инсонлар эди. Шуниси қийин бўлди. Мажлислар рус тилида ўтказилар, Турғуной битта ҳам рус бўлмаган қишлоқда улғайгани учун ҳеч ким билан русча гаплашиб кўрмаган, тушунса ҳам фикрини ифодалаб бера олмас эди.

Ўқув ишлари бўйича мудир ўзбекча гапиришни билмайди. Турғунойга вазифа топширар экан, жавоб бермай кўзига мўлтираб тикилиб туриши раҳбарнинг ғазабини келтираётганини сезар, аммо тушуниб турганини ҳам унга тушунтиролмас эди. Ўзи табиатан тортинчоқ, бунинг устига катта шаҳарда ўзини етимдек ҳис қилади.

Баъзида ҳаммага қишлоғида уларнинг оиласини барча ҳурмат қилишини, отаси бутун қишлоқ болаларини ўқитган ажойиб устоз эканлигини айтгиси келади. Ишхонасидаги ўзбек синфларига кирадиган аёллар ҳам негадир ўзаро рус тилида гаплашадилар. Кундан кунга севимли ишидан кўнгли совий бошлади.

Бугун ҳам зўрға ишга келди. Эшик тагида қўлини белининг орқасига жуфташтириб турган, юзидан заҳар томаётган ўқув ишлари бўйича раҳбар ўринбосарини кўриб эшитилар-эшитилмас салом берган бўлди.

— Здраствуйте, Венера Акбаровна...

— Иди, сомной! — дея хонасига бошлади саломини эшитмагандек у.

Суҳбат асносида маълум бўлдики, дарсдан кейин қандайдир мажлисга бориши керак экан. Борадиган манзилини эплаб қоғозга ёзиб олди. Амаллаб топиб борар, муҳими ҳозир шу хонадан тезроқ чиқиб кетсаю, шу эзма кампирнинг уни масхара қилаётгандек туюладиган башарасини кўрмаса!

Қандай мажлис, нима муносабат билан, сўраб ҳам ўтирмади.

Каттакон хона дарсдан чарчаб чиққан, тушлик қилишга ҳам улгурмай келган ўқитувчилар билан тўла бошлади. Кимдир ўтирган жойида нон кавшаган, кимдир олиб келган попук қандларини ёнидагиларга ҳам илинган, кимдир мудраган ҳолда ўтирарди. У ҳам кеча пиширган ширин кулчасидан олиб келган эди, тановвул қилмоқчи бўлди. Шу пайт эшикдан шаҳдам қадамларда иккита эркак ва учта аёл кириб келаётганига кўзи тушди. Тушлигини жойига қайтиб солди. Ҳамма меҳмонлар ҳурмати учун ўрнидан турди, «каттаконлар» ўтиргач, қайтадан ўриндиқларга жойлашдилар.

— Ассалому алайкум, азиз ўқитувчилар, — дея гап бошлади ёшроқ аёл. Бугун сизларни йиғишимиздан мақсад... — дея энди гап бошлаган эди, кимдир пастроқдан луқма ташлади:

— Пожалуйста, по руски говорити, ато мы не понимаем!

Турғуной ўгирилиб қараса катта хонани тўлдирган ўқитувчилар орасида кўринишидан рус миллатига ўхшаган атиги иккита аёл ўтирган экан.

Минбардаги аёлга тикилди. Нима қиларкин?

— Да, да, конешна! — дедию , шуни кутиб тургандек бийрон сўзлаб кетди у...

Икки соат чўзилган мажлисда бошқа бирор одам ўзбекча гапирмади!

Нимага шунча ўзбек туриб ҳеч ким бир оғиз мажлисдаги иккита аёлга, “Ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилганига ўн йилдан ошди, нимага шу пайтгача ўрганмайсизлар, ахир шу ерда туғилгансизлар, миллат тилини ўрганиш — ҳурмат белгиси” демади-я ?! - деб хафа бўлди. Йўл бўйи ўзи билан ўзи гаплашиб келди, кўнгли чўкиб келди у...

Кундан кунга кўнгли совиб бораётган ишига ўзини мажбурлаб борар, беғубор болажонларнинг маъсум нигоҳларигина касбига бўлган муҳаббатини ушлаб тургандек эди.

Кечқурун ишдан келса турмуш ўртоғи ижарага бошқа уй топганлигини, бунисини бўшатиш кераклигини маълум қилди.

“Худога шукур, энди ишламайман!”

— Майлику, ишим нима бўлади, шу тумандан уй топилмасмикан? — Сиртида бошқа гапни гапирди.

— Хавотирланма, сенга янги уйимиз ёнидаги мактабдан иш топиб қўйдим. Ўша ерда ишлайверасан!

Негадир энди ишламасам керак, деб қувона бошлаган Турғунойнинг кўнгли ўксиди. Энди-энди кўникаётган ҳаёти яна алғов-далғов бўлар эканда?!

Янги уй унга ёқмади, торроқ экан. Янги мактаби ҳам кўримсизроқ. У ҳаяжон билан мактаб эшигига яқинлашди...

Кечқурун турмуш ўртоғи уйга кириб аёлининг чеҳрасида қачондан бери йўқолиб қолган шодликни кўриб ҳайратда қолди.

— Азиз ака, янги мактабим ажойиб экан! Улар ўзбекча гаплашар экан. Бугун мажлис бўлди! Ўзбекча мажлис! Мен ҳам биринчи марта фикр билдирдим, ўзбекчалаб!

Феруза Солихўжаева, Тошкент


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!