Термизнинг собиқ ҳокими ва яна 17 кишига оид жиноят иши судда кўрилмоқда

Термизнинг собиқ ҳокими ва яна 17 кишига оид жиноят иши судда кўрилмоқда

35,6 млрд сўм маблағни ўзлаштиришда гумонланган Термизнинг собиқ ҳокими Исроил Худойбердиев ҳамда унинг икки ўринбосарига оид жиноят иши судда кўриб чиқилмоқда. Ишга жами 18 киши айбланувчи, 200 киши жабрланувчи ва гувоҳ сифатида жалб қилинган. Иш ҳажми катталиги сабабли суд яна 4 ой давом этади.

2022 йилнинг кузида Термизнинг собиқ ҳокими Исроил Худойбердиев ва унинг икки ўринбосари, қолаверса, яна бир қанча мансабдорларга қарши қўзғатилган жиноят иши судда кўрилмоқда. «Газета.uz»нинг махсус мухбири Аброр Қурбонмуратовнинг маълум қилишича, ЖИБ Термиз шаҳар суди мазкур ишни кўришни 15 мартда бошлаган.

Жиноят иши доирасида жами 18 нафар айбланувчи ҳамда 200 нафарга яқин жаврбланувчи ва гувоҳлар иштирок этмоқда. Мазкур маълумотларни «Газета.uz»га Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов ҳам тасдиқлади ва иш ҳажми катталиги сабабли 26 май куни ишни кўриш муддатини 4 ойга узайтириш ҳақида ажрим чиқарилди.

Судланувчилар Жиноят кодексининг 25,167, 167 (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 168 (Фирибгарлик), 184 (Солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш), 28,205, 205 (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш), 206 (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш), 28,209, 209 (Мансаб сохтакорлиги), 210 (Пора олиш) ва 229−4-моддаларида (Ер бериш тартибини бузиш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

Гумондорлар орасида Термиз ҳокимининг собиқ биринчи ўринбосари Ғайрат Эламанов, ҳокимнинг қурилиш масалалари бўйича собиқ ўринбосари Шуҳрат Раҳмонқулов ва собиқ шаҳар бош архитектори Бобур Эргашев ҳам бор.

Бундан ташқари, «Яшил дунё» бозори собиқ раҳбари Ш.Тўхтаев ва бозор ҳисобчиси Баҳодир Бобомуратов ишга жалб қилинган.

Суд жараёнлари очиқ тарзда ўтаётгани айтилмоқда.

«Yashil dunyo» савдо мажмуаси. Фото: Аброр Қурбонмуратов / «Газета.uz».

Эслатиб ўтамиз, «Газета.uz» ўтган йилнинг октябрь ойи охирларида Термиз собиқ ҳокими ва унинг ўринбосарлари ҳисбга олингани ҳақида ёзгач, Бош прокуратура мансабдорлар давлат ва жамиятга 35,6 млрд сўм зарар етказганини маълум қилганди.

Телеграмдан фойдаланасизми? Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун каналимизга аъзо бўлинг.

«Газета.uz» суриштируви даврида мансабдорлар мазкур пулларни «Yashil dunyo» савдо мажмуаси қурилиши даврида ўзлаштирганини аниқлаганди. Буни собиқ ҳокимнинг адвокати ҳам тасдиқлаб, пуллар шаҳардаги кўплаб камчиликларни бартараф этишга сарфланганини таъкидлаганди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!