Телеграмда айланган «Ҳовли» сериали машмашаси қандай тугади?!
Хабарингиз бўлса керак, сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда фарғоналик Элмурод Солиев томонидан Зўр ТВ каналига қилинган қўнғироқ анча шов-шув кўтарилишига сабаб бўлди. Бу қўнғироққа реакция кўпчилик кутгандан кўра тезроқ амалга ошди. Халқимиз бу сериалга негатив фикрда эканлигини дарҳол намоён қилди. Тўғри, фарғоналик ватандошимизнинг адрес ларига ҳар хил бўлмағур сўзлар йўллаганлар ҳам бўлди, аммо халқимиз бу вазиятда очиқчасига Элёр Солиев томонида эканлигини кўрсатиб қўйди.
Вазиятга реал кўз билан қаралса, дарҳақиқат Ҳовли сериалининг ғояси, маънавий озуқаси ва яна кўплаб жиҳатлари ўзбек халқи учун бегона десак, муболаға бўлмас.
Сериал ўз ичига олган сюжетлардаги қаҳрамонлар бизнинг жамият учун фақат ва фақат салбий таъсир ўтказади. Айни дамда бу каби замонавий сериаллар шарқона миллийликини тиклашга уринаётган миллатимиз учун акс таъсир кўрсатади.
Ўз қизига Ишани дея исм қўйган ватандошимиз ўша савияси паст сериалдан таъсирланмаган дея ким айта олади? Ёки ўз ўғлига Марадона дея исм қўйган инсонлар орамизда йўқ деб ўйлайсизми? Телеканалларимизда узоқ муддат айланган дори воситасининг реклама ролиги бир ёш боланинг умрига зомин бўлгани ҳақида эшитган бўлсангиз керак? Телевидение бамисоли инсонларнинг онгини бошқарувчи пултга ўхшайди. Унда берилаётган информация автоматик равишда миллатимиз руҳиятини ожизлаштириб қўймоқда! Агар биз ўз идеологиямизда турк сериалларидаги беҳаё аёллару, хиёнаткор эркаклар учун заррача жой қолдирсак, келажак авлод бу хатомизни кечирмаслиги аниқ.
Ижтимоий тармоқлардаги баҳснинг якуни
Кўп вақт ўтмай Фарғоналик ватандошимиз Телеграм тармоғи орқали чиқиш қилиб, баҳсга нуқта қўйди. Афсуски, катта эҳтимол билан бундай қилишга мажбур бўлган бўлсалар, ажаб эмас! Бу норасмий маълумот шу қадар ҳақиқатга яқинки, ундан бошқачасига кишининг ишонгиси келмайди. Шунга қарамасдан бу мурожаат изсиз кетмади. Зўр ТВ канали сериални кечки дастурга кўчиришга мажбур бўлди. Бу эса халқимизнинг маънавий ғоя учун қилган курашидаги илк ғалабаси десак, адашмаган бўламиз. Бу челленжда иштирок этган, халқимиз келажаги учун бефарқ бўлмаган ватандошларимиз бор экан, асрлардан омон ўтиб келаётган, дунёнинг ҳеч қайси миллатида топилмайдиган, баъзи бир мамлакатларнинг луғатларида учрамайдиган ибо-ҳаё сингари туйғуларимиз бизни ғарбнинг ҳар хил васвасаларидан асрашда давом этади...
Яҳё Юсуф
