Иордания қироли ва Италия бош вазири Ғазо ва Ливандаги вазиятни муҳокама қилди
Иордания қироли Абдулла II жума куни Италия бош вазири Жоржиа Мелони билан Ғазо сектори ва Ливандаги вазиятни юмшатиш йўлларини муҳокама қилди.
Иорданиянинг Ақаба порт шаҳрида бўлиб ўтган учрашувда суҳбатдошлар зудлик билан ўт очишни тўхтатишга эришиш, тинч аҳолини ҳимоя қилиш ва инсоният азоб-уқубатларига чек қўйиш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтириш зарурлигини таъкидлади, деб хабар қилди Petra Иордания давлат ахборот агентлиги.
Қирол Ғазодаги гуманитар фалокатга жавоб чораларини кучайтириш, инсонпарварлик ва тиббий ёрдамнинг белгиланган манзилга етиб боришини таъминлаш ҳамда БМТнинг Яқин Шарқдаги Фаластинлик қочқинларга ёрдам ва ишлар агентлигига ўз хизматларини кўрсатишда давом этиш муҳимлигини таъкидлади.
У экстремист муҳожирлар томонидан Ғарбий Соҳилда фаластинликларга қарши ҳужумлар давом этаётгани ва Қуддусдаги ислом ва насронийларнинг муқаддас қадамжолари бузилишидан огоҳлантириб, икки халқ учун икки давлат қарорига асосланган адолатли ва кенг қамровли тинчлик ўрнатишга чақирди.
Икки давлат раҳбарлари, шунингдек, суриялик қочқинлар инқирозига муносабатни яхшилаш учун келгусида мувофиқлаштириш зарурлигини муҳокама қилдилар.
Ўз навбатида, Италия бош вазири Иорданияга Ғазо аҳолисини қўллаб-қувватлаш бўйича инсонпарварлик ҳаракатлари учун миннатдорлик билдирди.