Сурия ҳукумати курд кучлари билан сулҳга эришди
Бу ҳақда BBC хабар бермоқда.
Сурия давлат телевидениесига кўра, сулҳ битими 14 банддан иборат кенгроқ келишувнинг бир қисми ҳисобланади. Ушбу келишув курдларнинг Сурия Демократик Кучларини Сурия армияси ва давлат институтларига интеграция қилишни назарда тутади.
Сурия муваққат президенти Аҳмад аш-Шаръа келишув Сурия давлат институтларига шарқий ва шимолий уч вилоят — Ҳасака, Дейр аз-Зор ва Раққа устидан назоратни қайта тиклаш имконини беришини айтди.
Бу баёнот аш-Шаръанинг Дамашқда АҚШнинг Сурия бўйича махсус вакили Том Баррак билан учрашувидан сўнг янгради. Баррак келишувни “ягона Сурия” сари ташланган қадам сифатида юқори баҳолади.
Сурия муваққат президенти Аҳмад аш-Шаръа ва Сурия Демократик Кучлари қўмондони Мазлум Абди томонидан имзоланган келишувга мувофиқ, Сурия ҳукумати фуқаролик муассасалари, чегара ўтиш пунктлари ҳамда нефт ва газ конларини бошқаришни ўз зиммасига олади.
Сурия Демократик Кучларининг ҳарбий хизматчилари ва хавфсизлик ходимлари Сурия мудофаа ва ички ишлар вазирликларига интеграция қилинади. Дамашқ эса ўн минглаб ИШИД жангчилари ва уларнинг оилалари сақланаётган қамоқхоналар ҳамда лагерлар учун масъулиятни ўз зиммасига олади.
Шунингдек, Дамашқ курдларнинг маданий ва тил ҳуқуқларини тан олиш мажбуриятини тасдиқлади. Бунга курд тилига расмий тил мақомини бериш ва курд Янги йилини (Наврўз) миллий байрам деб эълон қилиш киради. Бу — 1946 йилда Сурия Франциядан мустақилликка эришганидан бери мамлакатдаги курдлар ҳуқуқларининг илк бор расмий тан олиниши ҳисобланади.
Келишув, шунингдек, Суриянинг АҚШ бошчилигидаги ИШИДга қарши коалициядаги иштирокини ҳам тасдиқлайди.
