Совуқ кунларда қандай овқатланиш зарур?
🌨 Шу кунларда юртимиз бўйлаб ҳаво ҳарорати сезиларли даражада пасайган. Бундай шароитда тетик ва соғлом юриш учун овқатланиш рационига алоҳида эътибор қаратиш талаб этилади.
⬇️ Тиббиёт фанлари доктори Илҳом Отажонов бу борада юртдошларимизга қуйидаги тавсияларни берди:
🫕 — Совуқ кунларда танага иссиқлик бахш этувчи таомлар истеъмол қилиш фойдали. Чунки бундай ҳавода организм ўзини ўзи иситиши учун жуда кўп энергия сарфлайди.
📌 Натижада танамиз кўпроқ витамин ва минераллар, айниқса, оқсил моддасини талаб қилади. Ўз навбатида, унинг таркибидаги аминокислоталар иммунитетни мустаҳкамлаб, микробларга қарши курашда ёрдам беради. Бу эса ўткир респиратор вирусли инфекциялар кенг тарқалган ҳозирги мавсумда айни муддаодир.
🍱 Таркибида иссиқлик сақловчи егуликларга гречка ва жўхори ёрмалари, пиёз, саримсоқпиёз, ерқалампир, қалампир, зира, туршак, майиз, балиқ, қўй, мол, товуқ гўшти, сут маҳсулотлари, занжабил чойи, арпабодиён чойи ва қаҳва каби маҳсулотлар киради.
🍽 Нутрициологлар вазн ташлаш учун қишда парҳездан фойдаланишни тавсия этмайди. Аксинча, айнан шу вақтда организм дам олиши ва куч йиғиши керак.
🌶 Совуқ мавсумда қизил ва қора қалампир, занжабил, долчин каби иссиқ зираворлардан фойдаланиш тавсия этилади. Уларнинг таркибидаги қиздирувчи моддалар овқат ҳазм қилиш тизимининг рецепторларини қўзғаб, қонни томирлар бўйлаб тезроқ айланиши ва иссиқликни таъминлайди.
🍗 Қишда кам миқдорда ёғли гўшт истеъмол қилиб туриш ҳам зарар қилмайди. Унда совуққа қарши туриш учун зарур бўлган архидон кислотаси мавжуд. Витаминларга бой мол, қўй жигари қишда А витамини манбаи сифатида организм учун зарур бўлади.
🍝 Хамирли овқатлар ҳам танани иситиш учун хизмат қилади. Бундай таомлар қиш учун жуда мос келади.
🍲 Иссиқ, тўйимли овқат истеъмол қилиш қишнинг совуқ кунларида одамларнинг кайфиятига ижобий таъсир қилади. Айниқса, товуқли шўрва организмда протеиннинг керакли даражасини сақлаб қолиш учун муҳим таомдир.
☕️ Шакар истеъмолини чеклаш саломатлик учун аҳамиятли. Иссиқ ва аччиқ қаҳва организмга ундан кўра кўпроқ тетиклик бағишлайди.