Қишда нималар истеъмол қилган маъқул?
Қиш фасли оппоқ қорлари билан кўпчиликка ёқади. Лекин совуқ об-ҳаво ортидан келадиган грипп, шамоллашларни ҳеч ким хушламайди. Қиш фасли – совуқ ва вирусли касалликлар кўпаядиган мавсум бўлиб, организмимиз биздан қўшимча эътибор талаб қилади.
Аввало, тўғри овқатланиш организмнинг вирусга нисбатан курашувчанлигини оширади. Кундалик овқатланиш рационига цитрус мевалар, жумладан лимон, апельсин, мандарин, грейпфрутлар киритилса, улар C витаминига бўлган эҳтиёжни қоплайди. Бундан ташқари, қуритилган мевалар– олма қоқи, туршак, майиз ўзида кўплаб витаминлар сақлайди. Асал ва занжабил эса нафас йўлларини тозалашда ёрдам беради. Саримсоқ ва пиёз табиий антибиотик сифатида вирус ва бактерияларга қарши курашади.
Самолатликни назорат қилишда нафақат тўғри овқатланиш, балки тўйиб ухлаш ва кундалик режимга риоя қилиш ҳам муҳим. Уйқу вақтида организм ўзини тиклайди ва стресс даражаси пасаяди. Қишда кечалари камида 7-8 соат дам олиш тавсия этилади.
Бундан ташқари табиий ичимликлар истеъмоли ҳам аҳамиятлидир. Совуқ кунларда қора чой билан лимон, малина аралашмаси танани иситади, вирусларга қарши курашади. Итбурун дамламаси C витаминига бой бўлибгина қолмай, қонни ҳам тозалайди.
Шунингдек кун давомида жисмоний фаоллик организм учун фойдали. Енгил югуриш, юриш ёки уйда оддий машқлар қилиш танада қон айланишини яхшилайди. Совуқ бўлса ҳам, кунига ҳеч бўлмаганда 20-30 дақиқа тоза ҳавода сайр қилиш танани чиниқтиради.