Солиқ қарзи 1 млн сўмдан ошса — электрга тўлов чекланиши мумкин
Жорий йилнинг 16 апрелдан бошлаб Наманган вилоятида тажриба тариқасида янги тартиб жорий этилади: жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиғи бўйича қарзи 1 миллион сўмдан ошса, электр энергияси учун тўловларни амалга ошириш вақтинча чекланади.
Солиқ қўмитаси маълумотига кўра, бу чора “Soliq billing” автоматлаштирилган тизими орқали амалга оширилади ва фуқароларга босқичма-босқич огоҳлантириш юборилади.
Аввало солиқ ҳисоблангани ҳақида хабарнома, сўнг SMS орқали эслатма юборилади. Шунингдек, “Soliq” мобил иловаси ёки my.gov.uz шахсий кабинети орқали ҳам маълумот етказилади. Кейинги босқичда эса электр тўлови чекланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириш берилади.
Муҳими, қарздорликка қарамай электр ўчирилмайди — фақат уни тўлаш имконияти вақтинча чекланади. Қарз бартараф этилган заҳоти чеклов бекор қилинади.
Айрим ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифаларга ушбу чеклов татбиқ этилмайди. Жумладан:
— 1 ва 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар;
— боқувчисини йўқотган оилалар;
— ижтимоий реестрга киритилган фуқаролар;
— қонунчиликда белгиланган бошқа имтиёзли тоифалар.
Ҳозирда Наманганда 1 млн сўмдан ортиқ солиқ қарзига эга 45,8 минг нафар фуқаро мавжуд бўлиб, бу жами солиқ тўловчиларнинг 8 фоизини ташкил қилади.
Мазкур тартиб 2026 йил 1 октябргача синовдан ўтказилади. Унинг натижаларига қараб, тизимни бошқа ҳудудларда жорий этиш масаласи кўриб чиқилади.
Эслатиб ўтилади, 1 млн сўмдан ортиқ солиқ қарзи суд орқали ундирилиши ҳам мумкин бўлиб, бу қўшимча харажатларга сабаб бўлади.
