Сингапурда банк ҳисобларини очишда мижозларни текшириш кучайтирилди

Август ойида 1,8 миллиард долларлик пул ювиш билан боғлиқ можародан сўнг, Сингапурдаги банклар мижозларни, жумладан, ҳисобварақлар очишни лозим даражада текширишни кучайтирди.
Бу ҳақда “FT” газетаси ёзди.
Нашрнинг ёзишича, молия институтлари мижозлар ва уларнинг маслаҳатчиларини хусусий банк ҳисобварағини очиш учун кутиш муддати бир ойдан 3-4 ойгача ошгани ҳақида огоҳлантирган.
Сингапур валюта органи (Марказий банк - Эслатма) ўтган ойда молия институтларига барча операцияларни текшириш учун огоҳлантиришлар берди.
“Марказий банк бу масалага жиддий ёндашади ва молия институтлари билан назорат чоралари давом этмоқда”, — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг август ойида Сингапурда жиноий даромадларни легаллаштириш, фирибгарлик ва ҳужжатларни қалбакилаштириш билан боғлиқ жиноятларни тергов қилиш доирасида 10 нафар хорижий фуқаро қўлга олинган эди. 400 га яқин полициячи томонидан ўтказилган рейдлар натижасида заргарлик буюмлари, тилла қуймалари, нақд пул ва криптовалюталар мусодара қилинди.
Бундан ташқари, 94 та мулк ва 50 дан ортиқ люкс автомобил мусодара қилинди, 35 та банк ҳисоб рақамлари музлатиб қўйилди.