Шерлок Холмс ҳаётда бўлганми?

Шерлок Холмс ҳаётда бўлганми?

Бирор шахс ҳақида асарлар ёзилса, улар асосида фильмлар суратга олиниб, машҳур бўлиб кетса, кўпчилик, аслида, шундай одам мавжуд бўлган деган хаёлга боради. Шундай қилинса, ишончли кўринади ва асар харидоргир бўлади. Артур Конан Дойлнинг асарлари дунёнинг барча бурчакларида жуда машҳур бўлган пайтларида, ўн йиллар давомида бу китоблардаги қаҳрамонларнинг ҳаётда реал прототипи бўлган, деган фикр юрарди.

Кўпчилик, ҳаттоки шундай инсон бўлгани ва Виктория даврида сирли ишлар билан шуғулланганини исботлашга ҳаракат қиларди. Аслида эса, бу тўлиқ ўйлаб топилган персонаж бўлган. Артур Конан Дойл энг машҳур асари Шерлок Холмс образини илк маротаба “Скарлетдаги иш” романида яратган. Ёзувчи Шерлок Холмс образини “Холмснинг сўнгги иши” ҳикоясида ўлдирмоқчи бўлади. Лекин бутун дунёдаги китобхонларнинг норозилигидан кейин изқуварни тирилтириб, янги ҳикоялар ёзади.

Артур Конан Дойлнинг Шерлок Холмс ҳақидаги ҳикоялари кино дунёси тарихида энг кўп экран юзини кўрган асар ҳисобланади.

211 қисмли фильм суратга олинган ва машҳур изқувар образи 75 нафар актёр томонидан талқин этилган. Яна муҳим жиҳати шундаки, Артур Конан Дойл ўз асарларида Шерлок Холмсни Бейкер-стрит 221-б манзилида истиқомат қилувчи изқувар сифатида тасвирлаган. Аслида, Лондондаги Бейкер-стрит кўчасида бундай рақамдаги уй умуман мавжуд эмас, энг қизиғи, ҳанузгача 221-б манзилига детектив ишқибозларидан Шерлок Холмс номига мактублар келиб туради.

Комиссар Мегрэ ёки Шерлок Холмс тўғрисидаги асарлар ҳар бир ўзбек хонадонида ҳам меҳр билан мутолаа қилинишига шубҳа йўқ. Зеро, жиноятни фош этиб, унинг сабабини топишда бу икки изқуварларга тенг келадиган асар қаҳрамонларини топиш амри маҳол.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!