Шавкат Мирзиёев: "Биларди-ку шу чегарадош ҳудудни. Нега бориб Сўхда ётиб келмаган?"

Шавкат Мирзиёев: "Биларди-ку шу чегарадош ҳудудни. Нега бориб Сўхда ётиб келмаган?"

Президент бу ҳудуддаги оғир вазият кеча ёки бугун пайдо бўлмаганини, бу ерда одамлар ишсизлик ва яшаш шароити оғирлигидан азият чекиб келганини таъкидлади.

«Айниқса, чегарадош ҳудудларда камбағалликни камайтириш ва шу туманлар иқтисодиётини ривожлантириш, аҳоли учун зарур шароитларни ташкил этиш бўйича алоҳида ёндашув бўлиши керак.

Мана, Раматовга қўшимча топшириқ берилди. Ҳар ойда иккитадан чегарадош ҳудудда бир ҳафтадан яшайди. Керак бўлган одам, унинг ҳамма ваколати бор. Билардику, шу чегарадош ҳудудни. Нега бориб Сўхда ётиб келмаган?!

Энди ана шундай чегарадош ҳудудларнинг алоҳида рўйхатини қиламиз, бош вазир ўринбосари бориб инфратузилма ва бошқа масалаларини ўрганади. Бизни олдинроқ огоҳ қиладиган тизим яратишимиз керак.

Чегарадош ҳудудларнинг суви қандай, жойи қандай, хавфсизлиги қандай, вазият қандай, ичкаридаги муҳит қандай – Раматов бош. Кейин сиз етиб борасиз (А.Арипов – таҳр). Раматов диагноз қўяди, даволашга сиз. Диагноз деганим, ҳамма нарсани билиш керак. Мана, ўзингиз кўрдингиз одамларнинг кайфиятини.

Оддий-оддий масалалар-ку! Ҳеч қийин масала қўйилгани йўқ, бемалол ҳал қилса бўлади.
Йиллар давомида ҳеч ким бормаган. Жуда бўлмаса «у халқ ёмон, оғир халқ» деганмиз. Нимага ёмон, талаб қилиш ёмонми?! Адолат-ку талаб қилиш. Бу жараён жуда кўп сабоқ берди. Жуда катта сабоқ», дея президентнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz.

Давлат раҳбари аҳоли кайфияти, муаммолари, талаб ва эҳтиёжини олдиндан биладиган тизим яратиш лозимлиги ҳақида гапирди. Нафақат чегарадош ҳудудлар, балки иқтисодий аҳволи оғир бўлган бошқа туманларда ҳам аҳоли бандлиги, яшаш шароитини яхшилаш бўйича бир ой ичида дастур тайёрлаш юзасидан топшириқ берди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!