“Sea Breeze Uzbekistan” лойиҳаси бўйича атроф-муҳит масалалари муҳокама қилинди
23 январь куни Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани ҳокимияти биносида Чорвоқ сув омбори соҳилида барпо этилиши режалаштирилаётган халқаро туристик марказ “Sea Breeze Uzbekistan” лойиҳаси бўйича жамоатчилик эшитувлари бўлиб ўтди.
Тадбир лойиҳа доирасида атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш жараёнининг муҳим босқичи сифатида ташкил этилди. Асосий мақсад лойиҳанинг экологик жиҳатларини маҳаллий аҳоли, оммавий ахборот воситалари, экофаоллар, экспертлар ҳамда давлат идоралари иштирокида очиқ муҳокама қилишдан иборат бўлди.
Маълум қилинишича, “Sea Breeze Uzbekistan” лойиҳаси концепцияси атроф-муҳитга салбий таъсирнинг олдини олиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда замонавий муҳандислик ечимларини жорий этиш тамойилларига асосланган. Лойиҳада Чорвоқ сув омборига тозаланмаган оқова сувларни чиқаришга йўл қўймаслик, марказлашган канализация тизимини барпо этиш, лойиҳани босқичма-босқич амалга ошириш ҳамда доимий экологик мониторинг орқали экотизимга тушадиган юкламани камайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Шунингдек, лойиҳа миллий экологик қонунчилик ва халқаро экологик стандартларга тўлиқ мувофиқ ҳолда амалга оширилиши таъкидланди.
Лойиҳага тайёргарлик жараёнида оқова сувларни чиқариш ва тозалаш бўйича комплекс тизимни шакллантириш ишлари аллақачон бошланган. Бу жараёнда Чирчиқ тумани ҳудудидаги мавжуд инфратузилма имкониятлари ҳам инобатга олинмоқда. Мутахассислар ушбу ишлар бутун минтақа экологик хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этишини қайд этдилар.
Жамоатчилик эшитувларида Бўстонлиқ тумани аҳолиси, оммавий ахборот воситалари вакиллари, экологлар, мустақил халқаро жамоат ташкилотлари ва экспертлар, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, маҳаллий ҳокимликлар, тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси вакиллари иштирок этди. Бош прокуратура Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 1 августдаги 490-сон қарорига мувофиқ, экологик ва ҳуқуқий талабларга риоя этилишини назорат қилиши маълум қилинди.
Тадбир аввалида “Sea Breeze Uzbekistan” компанияси бош директори Сардор Ҳамидов лойиҳа тақдимоти билан чиқиш қилди. У курорт концепцияси, экологик хавфсизлик чоралари ҳамда лойиҳанинг ҳудуд ижтимоий-иқтисодий ривожига қўшадиган ҳиссаси ҳақида маълумот берди.
Унинг таъкидлашича, туризмнинг табиат билан уйғун ҳолда ривожланиши лойиҳанинг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади. Лойиҳа экологик хавфсизлик, замонавий тозалаш технологиялари ва аҳоли билан очиқ мулоқотга таянади.
Тадбир якунида жамоатчилик эшитувлари экологик жараённинг ажралмас қисми экани қайд этилди. Барча билдирилган таклиф, савол ва эътирозлар расмий тарзда қайд қилиниб, лойиҳани амалга ошириш жараёнида инобатга олиниши маълум қилинди.
Маълум қилинишича, “Sea Breeze Uzbekistan” лойиҳаси 2025–2035 йиллар давомида Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида амалга оширилиши режалаштирилган. Лойиҳа экологик барқарорлик ва хавфсизлик тамойилларига асосланган, тўрт фасл давомида фаолият юритувчи замонавий туристик марказни яратишни назарда тутади.
