Самарқандда ЙПХ ходимлари ДСИ бошлиғи ўринбосарини ўлдириб қўйишгани айтилмоқда

Самарқандда ЙПХ ходимлари ДСИ бошлиғи ўринбосарини ўлдириб қўйишгани айтилмоқда

10 июнь Каттақўрғон туман Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи ўринбосари Азиз Ахмедов Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларининг зўравонлиги туфайли вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти хабар берди.

Ҳолат юзасидан Каттақўрғон тумани прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 206-моддаси 1-қисми (Мансаб ваколатидан четга чиқиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари бошланган.

Жиноят иши материалларига кўра, 10 июнь кунги тунги соат 00.20 ларда 42 яшар солиқ ходими Азиз Ахмедов ўзининг давлат рақами 30 B 572 PA бўлган Cobalt русумли автомобилида йўл ҳаракати қоидаларини бузганлиги сабабли навбатчилик қилаётган инспекторлари Қўчқоров, Исмоилов, Раҳимбердиев ва Холиқуловлар томонидан тўхтатилган.

ЙПХ инспекторлари ўзларининг бошқарувида бўлган давлат рақами 30 Х 577 SA бўлган Spark русумли автомобилининг орқа ўриндиғига солиқ хизматчисининг юз қисмидан босиб, унинг ўзига азоб бермасликларини сўраб бақирганига қарамай унинг қисқа ва тез ўлимига сабаб бўлишган.

Самарқанд вилояти суд-тиббий экспертизаси хулосасига кўра, солиқ хизматчисининг ўлимига юрак ўлчами ва массасининг кескин ошини, яъни нафас қайтиши сабаб бўлган. Ўтказилган суд тиббий экспертизаси давомида солиқ инспекцияси раҳбарининг юз ва бўйин қисмлари, тирсак ва бошқа соҳаларда жароҳатдан олинган шилинмалар борлиги аниқланган.

42 яшар Азиз Ахмедов 11 июнь куни аср намозидан сўнг Каттақўрғон тумани Қўшҳовуз маҳалласида тупроққа берилди. Мазкур воқеа ички ишлар идораларининг зўровонлик ҳаракатлари давом этаётгани, тизимда назорат тўла издан чиққанини кўрсатмоқда.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Қийноқларга қарши миллий превентив механизмлар доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили, Инсон ҳуқуқлари бўйича республика Миллий маркази раҳбариятини мазкур ҳодисани ўрганишга чақиради.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!