Рубль ва тенге қадрсизланиши сўмнинг алмашув курсига нега таъсир ўтказмаяпти?

Рубль ва тенге қадрсизланиши сўмнинг алмашув курсига нега таъсир ўтказмаяпти?

Рубль ва тенге қадрсизланиши, меҳнат ресурслари ҳаракатига чекловлар жорий этилишига ва бунинг натижасида четдан кириб келадиган пул ўтказмаларининг вақтинча пасайишига қарамай, алмашув курсининг ҳозирги динамикаси ҳамда ички валюта бозорида кескин тебранишлар кузатилмади.

Марказий банк ушбу ҳолатни қуйидагилар билан изоҳлади:

Биринчидан, кутилаётган глобал иқтисодий пасайиш ва пандемияга қарши кўрилаётган чоралар иқтисодий фаолликни пасайишига олиб келади. Бунда импорт ва шунга мос равишда хорижий валютага бўлган талабнинг ҳам пасайиши кузатилмоқда;

Иккинчидан, иқтисодий ўсишнинг секинлашиши ва коронавируснинг сезиларли таъсири бўлган секторларда кредитларни қайтариш жадвалларини қайта кўриб чиқилиши ва муддатларини узайтирилиши ҳисобига банк кредитларига бўлган талабнинг аввал прогноз қилинган кўрсаткичларга нисбатан сезиларли даражада камайиши кутилмоқда;

Учинчидан, инқирозга қарши жамғармани шакллантиришда асосан ташқи манбаларга урғу берилаётганлиги валюта бозорига қўшимча таклиф олиб келади;

Тўртинчидан, олтин нархининг ўсиши ҳисобига Марказий банкнинг олтин валюта заҳиралари нейтраллиги тамойили асосида амалга ошириладиган доимий валюта интервенциялари ҳажми ўтган йилдагига нисбатан ўртача 30 фоизга ошишига имкон яратади.

Айни пайтда жисмоний шахслар томонидан банклардан сотиб олинаётган валюта ҳажмининг нисбатан ошиши юқори девальвацион кутилмалар билан изоҳланиб, келгусида рубль ва тенге алмашув курсининг барқарорлашуви ва ўз навбатида, девальвацион кутилмаларнинг пасайишига ижобий таъсир кўрсатиши тахмин қилинмоқда.

Келгусида сўм алмашув курси шаклланиши иқтисодиётнинг импортга бўлган талаби, экспорт ва пул ўтказмаларидан валюта тушумларига даражаси билан боғлиқ. Бугунги кунгача қилинган таҳлиллар миллий валюта алмашув курси динамикасида маълум бир кичик тўғирланишлар бўлиши мумкинлигини ва сўмнинг кескин девальвацияси бўйича эҳтимолларнинг юқори эмаслигини кўрсатмоқда.

Марказий банк жорий вазият ва иқтисодий шароитларни ҳисобга олган ҳолда, коронавирус пандемиясининг ички валюта бозорига таъсирини тегишли равишда баҳолаб, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш юзасидан зарурий чораларни кўриб боради.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар


Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!