Россияда Telegram блокировкаси бошланди
Россияда машҳур мессенжер "Telegram"ни блоклаш амалда бошланган бўлиши мумкин. Мессенжер билан бир вақтда бир қатор хизматлар — Яндекс, СДЭК, Кинопоиск, шунингдек миллий мессенжер MAX мессенжери ишида ҳам вақтинчалик узилишлар кузатилган.
Экспертлар фикрича, Telegram’ни блоклаш жараёни амалда аллақачон бошланган. Сбой.РФ портали маълумотларига кўра, 15 март куни мессенжернинг нотўғри ишлаётганидан тахминан 12 минг фойдаланувчи шикоят қилган, 16 март куни эса бу рақам қарийб 6 мингни ташкил этган.
Маълум қилинишича, сўнгги суткада Telegram Россия IP-манзиллари орқали уй интернет-провайдерлари билан уланганда деярли ишламаяпти. Хабарлар юборилмаслиги, қабул қилинганлари юкланмаслиги, суҳбатлар эса баъзан бир неча дақиқада янгиланиши мумкин.
Фойдаланувчиларнинг айтишича, мобил интернет орқали мессенжердан фойдаланиш ҳам деярли имконсиз бўлиб қолган. Айрим шаҳарларда фақат чекланган «оқ рўйхат»даги сайтлар ишлаётгани сабабли кўплаб VPN хизматлари ҳам ёрдам бермаяпти.
Шу билан бирга, расман Telegram ҳозирча Россияда тўлиқ блокланмаган. 2025 йилда мессенжерда қўнғироқлар функцияси ўчирилган, жорий йил бошида эса айрим фойдаланувчилар медиафайлларни юклаш ва юборишда муаммоларга дуч келган. Феврал ойида Роскомнадзор сервис қисман секинлаштирилганини тасдиқлаган эди.
ОАВ маълумотларига кўра, Telegram’ни тўлиқ блоклаш апрель ойи бошида амалга оширилиши мумкин. Ҳокимият вакиллари сервис Россия қонунчилигига риоя қилиши, жумладан тақиқланган контентни ўчириши ва фойдаланувчилар маълумотларини мамлакат ҳудудида сақлаши кераклигини билдирган.
IT мутахассиси Филипп Кулин Коммерсант нашрига берган изоҳида муаммоларни алоқа каналларининг эҳтимолий ортиқча юкланиши билан тушунтирган. Унинг сўзларига кўра, расм ва бошқа медиа файлларни юбориш тармоққа катта юк туширади, шунинг учун бундай шароитда матнли хабарлар ўтиши мумкин, медиа файллар эса йўқ.
Алоқа операторлари ассоциацияси МАКАТЕЛ президенти Алексей Амелькин ҳам муаммолар мавжудлигини тасдиқлади. Унинг айтишича, сўнгги кунларда Telegram’нинг Desktop версияси умуман ишламаётгани ҳақида ҳам шикоятлар пайдо бўлган.
Унинг таъкидлашича, вазият ҳудуд, тармоқ тури ва уланиш жойига қараб фарқ қилиши мумкин. Амелкиннинг фикрича, давлат органлари турли ҳудудларда интернетга киришни чеклаш бўйича турлича чоралар қўллаётган бўлиши мумкин.
