Юридик ва тиббиёт соҳасида сунъий интеллектдан фойдаланишда таъқиқлар киритилди
Адлия вазирлиги сунъий интеллектга асосланган ечимларни яратиш, жорий этиш ва улардан фойдаланиш бўйича этика қоидаларини давлат рўйхатидан ўтказди.
Мазкур ҳужжат сунъий интеллект технологиялари ва тизимларидан фойдаланишда қуйидаги асосий этик тамойилларни белгилайди.
Қоидаларга кўра, айрим ҳолатларда қарор қабул қилишда фақат сунъий интеллект хулосаларига таяниш тақиқланади.
Жумладан:
▪️ инсон ҳуқуқ ва эркинликларига дахлдор юридик аҳамиятга эга қарорлар;
▪️ соғлиқни сақлаш соҳасидаги қарорлар (касалликларни ташхислаш, даволаш усулларини белгилаш ва бошқалар).
Ҳужжатга мувофиқ, сунъий интеллект технологиялари ва тизимларини ишлаб чиқувчилар ҳамда жорий этувчилар фойдаланувчиларга қуйидаги масалалар бўйича аниқ маълумот бериши шарт:
▪️ технологиялардан қайси мақсадларда фойдаланиш мумкинлиги ёки тақиқланиши;
▪️ сунъий интеллект асосида қабул қилинган ечимлар ҳамиша ҳам мутлақ тўғри бўлмаслиги;
▪️ ушбу натижалардан асосан тавсиявий ёки ахборот характерида фойдаланиш мумкинлиги.
Шу билан бирга, қоидаларда сунъий интеллект соҳасидаги иштирокчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳам белгилаб берилган.
