Ҳужум қилинган иншоотлар вайроналари остида Эрон уран захиралари қолгани айтилди
Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи 15 март куни CBS телеканалига берган интервьюсида АҚШ зарбалари натижасида мамлакатнинг бойитилган уран захиралари йўқ қилинганини маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Эроннинг барча ядровий иншоотларига ҳужум қилинган ва бойитилган уран ҳозир вайроналар остида кўмилиб қолган. Вазир таъкидлашича, бу материалларни фақат Халқаро атом энергияси агентлиги назорати остида олиш мумкин.
«Агар биз қачондир уларни олишга қарор қилсак, бу агентлик назорати остида бўлади. Аммо ҳозирча бундай режамиз йўқ. Биз уранни вайроналар остида қолдирмоқчимиз», — деди Арақчи.
Маълум қилинишича, Эроннинг ядровий дастури билан боғлиқ вазият халқаро кун тартибидаги энг долзарб масалалардан бири бўлиб қолмоқда. Халқаро атом энергияси агентлигининг ҳисоб-китобларига кўра, 2025 йил ўрталарига келиб Эронда қурол даражасига яқин — 60 фоизгача бойитилган 441 килограмм уран мавжуд бўлган.
Натанз ва Фордовдаги бойитиш иншоотларида тахминан 20 мингта газ сансрифугаси ишлаган. Бироқ 2026 йил февраль ойида агентлик текширувларга кириш чеклангани сабабли барча операцияларнинг ҳолатини тасдиқлай олмаслигини билдирган.
Шунингдек, 2025 йил июнь ва 2026 йил февраль ойларида АҚШ ва Исроил томонидан амалга оширилган зарбалар Натанз, Фордов ва Исфаҳон каби йирик ядровий объектларга жиддий зарар етказган.
Теҳрон бир неча бор музокараларга тайёрлигини билдирган. Жумладан, АҚШ санкцияларини тўлиқ бекор қилиш ва ядро энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш ҳуқуқини тан олиш эвазига юқори даражада бойитилган ураннинг бир қисмини Россияга топшириш ҳамда бойитиш даражасини 3,67 фоизгача камайтириш таклиф қилинган.
Бироқ АҚШ бу шартларни қабул қилиб бўлмайдиган деб ҳисоблаб, ўн йил давомида бойитишни тўлиқ тўхтатиш ва минтақадаги прокси гуруҳларни қўллаб-қувватлашдан воз кечишни талаб қилмоқда.
